Маълум қилинишича, 2021 йил 23 апрель куни Яккасарой тумани Кичик Бешёғоч ва Бобур кўчалари кесишмасидаги устунга ўрнатилган тезлик тартибини автоматлаштирилган тарзда қайд этувчи мосламани Spark автомобилида келиб тошбўрон қилаётган йигитлар аниқланган.
Мазкур фуқаролар Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан автомобиллари билан биргаликда Яккасарой тумани ИИО ФМБга олиб келинган. Шунингдек, ҳуқуқбузарларнинг 22 ёшли Жаҳонгир М. (юқоридаги автомобиль ҳайдовчиси), 23 ёшли Шавкатжон М. ва 23 ёшли Ахрор Ш. лар эканлиги аниқланган.
Аниқланишича, ҳодисадан бир оз аввалроқ Жаҳонгир М. томонидан 2021 йил 17 апрель куни содир этилган қоидабузарлик сабабли автомобиль эгасига тезлик тартиби бузилгани учун 1 млн 225 минг сўмлик жарима келгани маълум бўлди. Қилмиши учун тегишли масъулиятни бўйнига олмаган фуқаро ўртоқлари билан бирга радардан “аламларини олишга” қарор қилишган.
Мазкур факт асосида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183 моддаси (“Майда безорилик”) бўйича баённома расмийлаштирилди.