AKFA Университети таъсисчиси AKFA Medline муомалага номинал қиймати 10 млн сўмни ташкил этадиган 21 100 дона корпоратив облигацияларни чиқарди. Облигациянинг муомала қилиш муддати беш йил. Облигациялар ёпиқ обуна йўли билан ягона инвестор Abu Dhabi Uzbek Investment Company (ADUI) инвестицион компаниясига жойлаштирилди.
Маълумот учун, ADUI 2019 йилнинг июль ойида ташкил этилган. Компания 2019 йилнинг март ойида Шавкат Мирзиёевнинг БААга ташрифи доирасида Ўзбекистон ва БАА ўртасида имзоланган ўзаро ҳамкорлик шартномаси натижасида ташкил этилди. ADUI'нинг устав фонди $100 миллионни ташкил этади ва Абу-Даби Ривожланиш Фонди (ADRF, улуши 75%) ҳамда Ўзбекистон Реконструкция ва Ривожланиш Фонди (OʼRRF, 25%) маблағлари ҳисобидан ташкил этилган. ADUI Ўзбекистонда юқори салоҳиятга эга бўлган инвестицион лойиҳаларни молиялаштиради.
ADRF 1971 йил 15 июлда Абу-Даби ҳукумати номидан имтиёзли кредитлар ва грантлар шаклида ёрдам кўрсатувчи етакчи миллий ташкилот сифатида ташкил этилган бўлиб, ривожланаётган давлатларда иқтисодий ва ижтимоий тараққиётга эришиш бўйича тадбирларни қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳаларни молиялаштириш мақсадида ташкил этилган. Шунингдек, ADRF фойда олувчи мамлакатларда иқтисодий ривожланишни тезлаштиришда муҳим роль ўйнаб, хусусий секторни рағбатлантиришга сармоя киритади.
SAB Capital Advisory компанияси мазкур келишувни амалга оширишда инвестицион маслаҳатчи сифатида иштирок этди.
Корпоратив облигацияларни жойлаштиришдан олинган маблағлар AKFA Университетининг Тошкент вилояти Қибрай туманидаги кампуси қурилишини молиялаштиришга йўналтирилади.
«Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда таълим тизимини ривожлантиришга катта аҳамият бермоқда. Мамлакатимизда яратилган шарт-шароитлар туфайли янги олий таълим муассасалари, жумладан хусусий университетлар ташкил этилмоқда. AKFA Университетининг замонавий кампусини ташкил қилиш учун бизнинг жамоа таълим тизимига тўғридан-тўғри хорижий сармоялар жалб қилди, — деди AKFA Medline бош директори Камола Мирзалиева. —Мен Темур Раҳмонов раҳбарлик қилаётган Abu Dhabi Uzbek Investment Company компаниясига профессионализм ва облигацияларини сотиб олиш бўйича қабул қилган қарорига ўз миннатдорчилигимни билдираман».
«Биз Ўзбекистон хусусий компаниялари томонидан сармояга катта эҳтиёжи борлигини кўрмоқдамиз. Компаниялар муқобил молиялаштириш манбаларини қидириб капитал бозорига кирмоқдалар. Келажакда биз бундай транзакциялар сони ошиши кутмоқдамиз», — дея таъкидлади SAB Capital Advisory бошқарувчи ҳамкори Самариддин Шамсиев.
AKFA Университети бош директор Камола Мирзалиева бошчилигидаги AKFA Medline жамоасига кампус қурилиши учун маблағ жалб қилишда амалга оширган ишлари учун ўз миннатдорчилигини билдиради. Таъсисчи ва Камола Мирзалиеванинг қўллаб-қувватлаши туфайли ҳозирда университет кампусининг қурилиши жадал давом этмоқда. Таълим сифатини таъминлашда моддий-техник база муҳим роль ўйнайди. Замонавий кампус талабалар учун яхши совға бўлади.
Эслатиб ўтамиз, AKFA Университетининг кампусини қуриш ишлари жорий йилнинг февраль ойида бошланган. Кампус қурилиши учун 20 гектар ер участкаси харид қилинди.
Шуни таъкидлаш лозимки, АКФА Университетининг кампусини қуриш бўйича лойиҳани бир неча босқичда амалга ошириш режалаштирилган. Лойиҳанинг биринчи босқичи 2021 йилда якунланиши кутилмоқда.
Кампус ҳудуди бир неча зоналарга бўлинади: таълим бинолари, турар жойлар, маъмурият, маданият, спорт зонаси ва клиника. Барча зоналар ҳалқа йўли ва хиёбонлар билан боғланади. Бу эса университет талабалари ва ходимларининг керакли бинога бир неча дақиқада етиб олишларига имконият яратади.
AKFA Университетининг кампуси 10 минг нафар талабага мўлжалланган. Кампус ҳудудида кутубхона, кафетерий, ётоқхона, спорт иншоотлари, лабораториялар, клиника ва бошқа объектлар жойлашади. Ётоқхона 3 минг кишига хизмат қилиш имкониятига эга бўлади.
AKFA Университети бўлажак шифокорларни тайёрлайди. Уларнинг билим ва кўникмаларни олишлари ҳамда амалиёт ўташлари учун инфратузилма керак. Кампусда талабалар назарий билимларини амалиётда мустаҳкамлашлари учун тренажёрлар хонаси ташкил этилади.
Олий таълим муассасаси маъмурияти клиника яратишни режалаштирган. Мазкур клиникада талабалар малакали шифокорлар билан ҳамкорликда касалларни қабул қиладилар ва уларга тиббий ёрдам кўрсатадилар.
Қайд этилишича, ҳозирда AKFA Университетида тиббиёт, фармацевтика ва стоматология, ҳамширалик иши, бухгалтерия ва молия, иқтисод, архитектура ва дизайн, компьютер муҳандислиги, дастурий таъминот ва инглиз тили факультетлари мавжуд.
Реклама ҳуқуқлари асосида