Қашқадарё вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати Яккабоғ тумани ҳокими Лутфиддин Абдуллаев 311 млн сўмлик Captiva харид қилиши, бу халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясида тасдиқланганини маълум қилди.
Харид қилишга сабаб сифатида 2014 йилда ишлаб чиқарилган, ҳозирда яроқсиз ҳолга келиб қолган Gentra хизмат машинаси кўрсатилган.
Вилоят ҳокимлигининг вазиятга ойдинлик киритишича, туман ҳокимлиги яқинда қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорида белгилаб қўйилган туман ва шаҳар ҳокимлари хизмат автотранспортининг энг юқори нархи БҲМнинг 1000 баравари (245 млн сўм)дан ошмаслиги тўғрисидаги қоидани бузмаяпти.
“Ушбу қарорнинг 1-иловасида “Бориш қийин бўлган ва тоғли туманлар ҳокимлари учун хизмат автотранспорт воситасини харид қилишда двигателнинг энг юқори қуввати 3 000 сантиметр кубгача оширилишига рухсат этилади”, дея қўшимча қилиб кетилган”, - дейилади ҳокимлик изоҳида.
Таъкидланишича, Яккабоғ туманининг 62,7 фоиз майдони тоғли ҳудудлар ҳиссасига тўғри келади. Шу сабабли, Captiva харид қилиш қонунга зид эмас, деб топилган. Бундан ташқари ушбу масалада туман ҳокими вилоят ҳокими Зойир Мирзаевга хат билан мурожаат қилиб, рухсат сўраган.
Шунингдек, айни вақтда Зойир Мирзаев жорий йил 10 февралда эълон қилган янги хизмат машинаси сотиб олишга мораторий ҳам бекор қилинган.