Поиск
RUUZ

Общество

Дарахт экиб, парвариш қилмаган мутасадди ташкилотларни жаримага тортиш таклиф қилинди

Депутат ҳокимият, ободонлаштириш бошқармалари турли баҳона топмаслиги учун масъулиятни уларга юклатишни илгари сурди.

1145views0replies
0

Тошкент шаҳар ҳокимлиги

Халқ депутатлари Мирзо Улуғбек туман Кенгаши депутати Жаҳонгир Зияев 2021 йилда 52 мингдан ортиқ экилган дарахтлар қуриб қолиши бўйича ўз муносабатини билдирди.
“Орол денгизининг қуриган шўр ерида дарахтлар кўкартирилаётган бир пайтда Тошкентда дарахтларни сақлаб қолиш қийин бўляпти дейиш, чўпчакдан бошқа нарса эмас.
Хўш, жой танлашда хатоликка йўл қўйилган ҳам дейлик. Лекин 52 мингта дарахтнинг уволи, унга кетган харажат, меҳнат учун ким жавоб беради?
Хўш, энди нима қилиш керак? Ҳар йили шу чўпчакка ишониб ўтираверамизми?”, - дея савол қўйган “Миллий тикланиш” ДП вакили.
Жаҳонгир Зияев бунинг ечими сифатида дарахтни кесганларга жарима солингани каби, дарахт экиб, парвариш қилмаганларни ҳам жаримага тортишни илгари сурди. 
“Давлатнинг пулига “биз шунча минг дарахт экдик” деб ҳисобот берадиган ҳокимият, ободонлаштириш бошқармалари, ташкилотлар эккан ниҳоли кўкармаса, чўнтагидан жарима тўласин. Шундагина “жойни нотўғри танлаб қўйибмиз, суғориш тизимига уланмаган экан”, деган баҳоналар бўлмайди. Жарима тўласа, жой ҳам тўғри танланади, сув ҳам келади”, - таъкидлайди у.
“Миллий тикланиш” партияси аъзоси фуқароларни ҳам бунга этиборсиз бўлмасликка чақирди.
“Одамлар ҳам ён-атрофи, маҳалласида экилган ниҳолларга эътиборли бўлиб, парваришлаб турса ҳам қанчадан-қанча дарахтларни сақлаб қолган бўламиз. Яъни, бу “давлатники-ку, менга нима” деган қарашдан воз кечиш лозим. Керак бўлса, дарахтпарвар инсонларни рағбатлантириш керак”, - қўшимча қилган депутат.
1145views0replies
0

Комментарии