Йирик кўчмас мулк объектларини хусусийлаштириш жараёнлари бўйича Давлат тендер комиссиясининг қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлигининг Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Бухоро ва Нуронийлар кўчалари кесишуви манзилида жойлашган “Газеталар ишлаб чиқариш мажмуаси” биноси 78,0 миллиард сўм сотиб олиш нархи билан Metro Plaza МЧЖга;
Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани, Юсуф Хос Хожиб кўчаси манзилида жойлашган “Ичан қалъа” меҳмонхона мажмуаси 74,2 миллиард сўм сотиб олиш нархи билан QUADRO IH DMCC компаниясига;
Тошкент шаҳри, Сайилгоҳ кўчаси манзилида жойлашган собиқ “Марказий бино” 210,0 миллиард сўм сотиб олиш нархи билан METROPOL GROUP МЧЖга сотилган.
Шу билан бирга, “Пойтахт бизнес мажмуаси” МЧЖ мулкий мажмуаси, “Малика” савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси ва “Қизил сув спорт соғломлаштириш” МЧЖни хусусийлаштириш жараёнлари давом этаётганлиги маълум қилинди.
Шунингдек, Давлат активларини бошқариш агентлиги савдо ғолиблари билан давлат активининг сотилиши юзасидан олди-сотди шартномасини расмийлаштириш ишларини бошлайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Чорвоқдаги "пирамидалар" сотувга чиқарилгани ҳақида хабар берган эдик.