Ўтган йил декабрида Meningfikrim портали орқали автотранспорт воситаларининг ойналарининг тусини ўзгартирганлик учун онлайн тарзда рухсатнома бериш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламенти бўйича Ҳукумат қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилганди.
Ҳукуматнинг “Туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали автотранспорт воситаларидан фойдаланиш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Унга кўра, 2021 йил 1 октябрдан автотранспортлар ойналарининг тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсатнома бериш бўйича давлат хизмати фақат Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП, my.gov.uz) орқали кўрсатилади.
Маъмурий регламентга кўра, автотранспортлар ойналарининг тусини ўзгартириш (қорайтириш) ишлари автотранспорт воситаси эгаси томонидан мустақил равишда амалга оширилади.
Автотранспорт орқа ойнасининг тусини ёруғлик ўтказувчанлиги чекланмаган даражада ўзгартириш (қорайтириш), шунингдек, олд ойнасининг тепа қисми тусини 14 см дан кўп бўлмаган полоса шаклида ёруғлик ўтказувчанлиги чекланмаган даражада ўзгартириш (қорайтириш) учун рухсатнома талаб этилмайди.
Белгиланишича, рухсатнома 1 йил муддатга берилади. Ариза берувчи томонидан рухсатнома учун тўлов 10 кун муддатда амалга оширилиши шарт. Бунда рухсатнома аввал берилган рухсатноманинг амал қилиш муддатигача қайта расмийлаштирилади.
ЯИДХП орқали рухсатномани қайта расмийлаштириш бўйича давлат хизмати кўрсатилгани учун тўлов ундирилмайди.