Фуқарони ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган талаба ва унинг шериги бўлган мутахассис ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура департаментининг Матбуот хизмати хабар берди.
Фарғона вилояти Боғдод туманида яшовчи Қўқон педагогика институти талабаси З.А. фуқаро Қ.ни танишлари орқали Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Фарғона филиалига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган.
Бунинг эвазига З.А Қ.дан $5 минг сўраб, пулни олган вақтда ушланди.
Шунингдек, унинг кўрсатувига асосан давом этган тадбирда Қўқон педагогика институтининг сиртқи бўлими бош мутахассиси Х.Б. талаба З.А.дан $5 минг олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан ЖК.нинг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.