Самарқанд вилояти ИИБ Матбуот хизматининг маълум қилишича, 2020 йил май ойида вилоятдаги Land Rover МЧЖ қашқадарёлик фуқаро билан Jentra автомашинасини кредитга олиб бериш бўйича ўзаро шартнома тузган.
Унга кўра, МЧЖ раҳбари М.М. маълум бир муддатга автомашинани бошқа бир фуқаро номига расмийлаштириб туришни, кейинчалик фуқаро номига қайтариб, ўтказишини айтган.
Қайд этилишича, фуқаро шартонмага мувофиқ тўловларни тўлаб келган.
Шундан сўнг, М.М. 2021 йил июнь ойида фуқарога телефон қилиб, машинани унинг номига ўтказиб беришини айтиб, уни чақиртирган ва машинани олиб қўйган.
Маълум бўлишича, М.М. ҳалигача автомашинани фуқарога қайтариб бермаган.
Бундан ташқари, М.М. 2019 йил октябрдан 2021 йил майгача фирибгарлик йўли билан 16 нафар фуқаронинг жами 550 млн 479 минг 685 сўм пулини қўлга киритиб, уларга автотранспорт воситаларини етказиб бермасдан, пулларни ўзининг эҳтиёжларига сарфлаб юборганлиги аниқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан М.М. ва жамиятнинг бошқа масъул шахсларига нисбатан ЖК.нинг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.