Поиск
RUUZ

Политика

Шавкат Мирзиёев ADM Jizzakh заводига ташриф буюрди — фото

Мазкур заводда KIA, Renault вa Lada русумидаги 10 хил енгил автомобиллар йиғилмоқда.

1055views0replies
0

president.uz

Шавкат Мирзиёев ADM Jizzakh заводига ташриф буюриб, у ердаги иш жараёнини кўздан кечирди, деб хабар бермоқда президент матбуот хизмати.
«Жиззах» ЭИЗда жойлашган ADM Jizzakh МЧЖда автомобилларни йирик узелли йиғиш ташкил этилган. Бу лойиҳанинг биринчи босқичи бўлиб, у шу йил март ойида ишга туширилган.
Ушбу илк лойиҳанинг қиймати 12 млн доллардан зиёд. Йиллик ишлаб чиқариш қуввати 25 минг дона. Завод мультибренд бўлиб, у ерда KIA, Renault вa Lada русумидаги 10 хил енгил автомобиллар йиғилмоқда. Бугунги кунгача ички бозорга 2 мингдан зиёд автомобиллар етказиб берилган.
Ташриф давомида давлат раҳбарига лойиҳанинг иккинчи босқичи ҳақида маълумот берилган.
216 млн долларлик мазкур лойиҳа доирасида кичик узелли ишлаб чиқариш ўзлаштирилади. Яъни, 314 турдаги бутловчи қисмларни ясаш, пайвандлаш, бўяш ва йиғиш йўлга қўйилади. Уни 2023 йилнинг биринчи чорагида ишга тушириш режалаштирилган.
«Бунинг натижасида завод қуввати йилига 100 минг донага чиқади. Яна 3 мингта янги иш ўрни пайдо бўлади. Ушбу босқичда маҳаллийлаштириш 30 фоизга етказилиб, йилига 150 миллион долларлик автомобиллар экспорт қилинади. Завод тайёр автомобиль ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш, конструкторлик, логистика, кадр тайёрлаш соҳаларини қамраб олади», - дейилади хабарда.
Қайд этилишича, ушбу завод кўплаб кичик корхоналар, хизматлар ташкил топишига туртки бўлади. Масалан, ҳозирда Жиззах шаҳри, Пахтакор ва Шароф Рашидов туманларида бутловчи ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш бўйича 500 млн долларлик 60та лойиҳа шакллантирилган.
Шунингдек, Америка ва Европа нуфузли инжиниринг компаниялари билан бирга, вилоятда тажриба-конструкторлик ва дизайнерлик маркази ташкил этилади.
Президент маҳаллийлаштириш даражасини ошириб, автомобиллар нархини арзонлаштириш, харидорларга танлов имкониятини кенгайтириш юзасидан кўрсатмалар берди.
1055views0replies
0

Комментарии