Бугун, 10 сентябрь куни ўтказилган тезкор тадбир доирасида аҳоли орасида “Ҳизб-ут Таҳрир” диний экстремистик ташкилоти ғояларини тарғиб қилиш ва ташкилот сафини кенгайтириш билан шуғулланиб келган 29 нафар аёл ушланди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар берди.
Пойтахтнинг Шайхонтоҳур, Учтепа, Олмазор, Сирғали ва Яккасарой туманлари, шунингдек, Тошкент вилоятининг Зангиота, Тошкент ва Қибрай туманларида яшовчи ушбу аёллар ташкилотнинг “Aёллар қаноти” жамоаси аъзолари бўлган.
Улар Жиноят Кодексининг 159 ва 2442-моддалари билан қўзғатилган жиноят ишлари доирасида қидирувда бўлган “Ҳизб-ут Таҳрир” аъзолари — 51 ёшли Л. Умарова ва 47 ёшли М. Сайдаминовалар билан интернет тармоқлари ва турли ижтимоий мессенжерлар орқали алоқа қилиб, уларнинг кўрсатмалари асосида ҳаракатланишган.
Қўлга олинган аёлларнинг яшаш манзилларида ва уяли алоқа воситаларида экстремистик мазмундаги материаллар мавжудлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштирилиб олинди.
Ҳозирда уларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш ва жавобгарликка тортиш мақсадида тергов-суриштирув ишлари давом эттирилмоқда.
Аввалроқ, Хоразм вилоятида “Тавҳид ва жиҳод катибаси” ташкилоти аъзолари қўлга олинганди.