Фарғона вилояти божхона бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда постдан ноқонуний товар олиб ўтиш ишлари фош этилди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси Матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, aвтомобиль эҳтиёт қисмлари импорти билан шуғулланувчи шахс томонидан хориждан олиб келинган 14 турдаги автомобиль эҳтиёт қисмлари товарларини “эркин муомалага чиқариш” божхона режимига расмийлаштириш учун Фарғона вилоятидаги “Қиргули” ташқи иқтисодий фаолият божхона постига тақдим этилган юк кузатув ҳужжатлари ва божхона юк декларацияси асосида божхона кўригидан ўтказилган.
Унда, умумий қиймати 237 млн сўмлик 1 дона Mercedes-Benz W211 ҳужжатларда автомобиль кузови, деб нотўғри кўрсатилганлиги, шунингдек, 15 турдаги жами 99 дона автомобиль эҳтиёт қисмлари ҳужжатларда умуман кўрсатилмаганлиги аниқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан ҳозирда божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.