Шу йилнинг 11 май куни Фарғона вилояти Қўқонбой қишлоғида ўз аёли ва фарзандини ўлдирган эр суд қилинди, дея хабар берди Фарғона вилояти суди ахборот хизмати.
Аниқланишича, ҳодисадан бир кун аввал эр ва аёл ўзаро жанжаллашиб қолган. Оила бошлиғи уйда йиғиб қўйилган пул маблағидан 500 минг сўмини олиб, дорихонага чиқиб кетаётган вақтда аёли кеч бўлганда кўп пул кўчага чиқиб кетаётгани учун эрига эътироз билдирган. Аёл эрининг эркаклик шаънига доғ тушурувчи уятли сўзлар билан ҳақорат қилганлиги учун эрининг ғазаби қўзиган.
Эркак аёли ва фарзандини қасддан ўлдириш мақсадида, яшаб турган уйнинг ҳовлисида болта дастасига мўлжалланган таёқ билан аёли ва вояга етмаган 13 ёшли фарзандининг бош қисми ва бошқа соҳаларига ўта шавфқатсизлик билан кўп маротаба уриб, уларга ҳаёт учун хавфли бўлган оғир жароҳатларни етказиб, қасддан ўлдирган.
Судянинг маълум қилишича, судланувчи Юлдашев ўз қўллари билан ўлдирган рафиқаси унинг иккинчи турмуши эканлиги ва у билан турмуш қурган пайтдан бошлаб ўзаро муросага кела олмагани учун ичкиликка ружу қўйгани, эр эса марҳума аёлини бузуқликда айблаб, вояга етмаган фарзандини ўзининг фарзанди эмаслик гумони остида яшаб келган.
Суд қарорига кўра, судланувчи ЖКнинг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 2-қисми а (икки ёки ундан ортиқ шахс) ва ж (ўта шафқатсизлик билан) бандлари билан айбли деб топилиб 22 йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.