Аввалроқ, Тошкент вилоятидаги ҳайвонот боғида шерлар қафасдан чиқиб кетиб, қоровулни ўлдиргани ва хусусий ҳайвонот боғи директорига нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар қилган эдик.
Маълум қилинишича, ҳолат 2024 йилнинг 17 декабр куни Тошкент вилояти Паркент туманида жойлашган Lion Park хусусий ҳайвонот боғида содир бўлган эди.
Қафасда сақланаётган 3 та шер ҳайвони қафасдан ҳайвонот боғи ҳовлисига чиқиб кетганда, уларни катакка қайтармоқчи бўлган 1980 йилда туғилган парк қоровулига шерлар ҳужум қилишган ва уни ўлдириб, емиш сифатида тана аъзоларини истеъмол қилишган.
Таъкидланишича, иш вақтида йиртқич ҳайвонларни қафасига кириб, овқат бериш марҳум қоровунинг вазифасига кирмаган. Бироқ марҳум қафасга кириб, шахсий телефони орқали шерларни видеога олган.
Қайд этилишича, хусусий ҳайвонот боғи директорига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.
Ҳолат юзасидан суд иши ЖИБ Паркент тумани судида кўриб чиқилди.
Суд ҳукмига кўра, судланувчи ЖКнинг 257-моддаси 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга нисбатан 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Қамоққа олиш эҳтиёт чораси бекор қилиниб, судланувчи суд залида қамоқдан озод қилинди.