Сенатнинг бешинчи ялпи мажлисида "Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конститутцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судлар фаолияти ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонун маъқулланди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда ҳуқуқий тизимни тубдан такомиллаштириш ва суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ва муҳим ислоҳотлар амалга оширилди.
Ушбу ислоҳотлар суд ишларини юритишни такомиллаштириш, суд қарорларининг шаффофлиги ва холислигини ошириш, фуқаролар ва тадбиркорлик субектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш каби кенг йўналишларни қамраб олган.
Қонун билан Жиноят-протсессуал кодексига қўшимчалар киритиш таклиф қилинмоқда, унга кўра гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмаслиги ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкинлиги белгиланмоқда.
Шунингдек, агар шахснинг ўз айбига иқрорлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмаслиги назарда тутилмоқда. Суд процессида иштирок этаётган гувоҳнинг ўзига ёки яқин қариндошларига қарши кўрсатув бермаслик ҳуқуқи жорий этилмоқда.
Бундан ташқари, қонунда судяни муайян ишни кўришдан четлаштиришга ёки унинг ваколатларини тўхтатиб туришга, бошқа лавозимга ўтказишга фақат қонунда белгиланган тартибда ва асослар бўйича йўл қўйилиши белгиланмоқда. Шунингдек, судяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмаслиги ва улар жавобгарликка тортилмаслиги кўрсатилган.
Олий суднинг қонунчилик ташаббусини амалга ошириш доирасига аниқлик киритилиб, унга кўра, у фақат ўз ваколатлари доирасида масалалар киритиши мумкинлиги кўрсатилмоқда.
"Мазкур қонуннинг аҳамияти шундаки, у фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашга, одил судлов сифатини янада оширишга қаратилган. Қонуннинг қабул қилиниши судялар томонидан Конститутция нормаларини тўғридан-тўғри қўллаш ва одил судловни амалга оширишда Конститутция устуворлигини таъминлаш учун зарур ҳуқуқий кафолатларни яратишга, шунингдек, шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилишни янада кучайтиришга хизмат қилади," дейилади йиғилишда.