Ташриф доирасида Париж шаҳрида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни Франция Республикасининг олий мукофоти - Фахрий легион ордени билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Матбуот хизмати хабар қилди.
Юксак мукофотни Ўзбекистон раҳбарига Франция президенти Эммануэль Макрон тантанали равишда топширди.
Ўзбекистон президенти икки мамлакат ҳамкорлигини ривожлантириш, халқлар ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашувни мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун ушбу орденга сазовор бўлди.
Мамлакатимиз етакчиси мукофот учун Франция раҳбарига самимий миннатдорлик билдириб, кейинги йилларда сермаҳсул ҳамкорликда юксак натижаларга эришилгани, икки мамлакат муносабатлари стратегик шериклик даражасига кўтарилганини мамнуният билан қайд этди.
Фахрий легион ордени 1802 йилда таъсис этилган. Францияда ушбу орден алоҳида хизматларнинг давлат даражасида эътироф этилиши ва шон-шарафнинг энг юқори белгиси ҳисобланади.








