Излаш
RUUZ

Жамият

Тошкентдаги Чорсу майдонида реконструкция ишлари бошланади

Йигирма йилдан ортиқ вақт мобайнида ташландиқ ҳолда қолган иншоот учун немис компанияси янги лойиҳа тақдим қилди.

331views0replies
0

Tchoban Voss Architekten

2 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган матбуот-анжуманида Чорсу майдонини реконструкция қилиш бўйича якуний лойиҳа тақдим этилди. Бу ҳақда UzNews.uz'га Tchoban Voss Architekten компанияси Матбуот хизмати хабар қилди.
Бу ерда янги меҳмонхона, бизнес-марказ ва турар-жойлар қад кўтаради. Лойиҳа Дрездендаги Postplatz майдони, Берлиндаги EDGE Suedkreuz мажмуаси ва бошқа кўплаб иншоотлар реконструкциясининг муаллифи — Tchoban Voss Architekten немис компанияси томонидан ишлаб чиқилган.
Қайд этилишича, янги майдон бўйича ишлар 2025 йилда бошланади. Уларни ўзбекистонлик ва хорижлик инвесторлар консорциуми амалга оширади. Қурилишга уч ярим йил муддат сарфланади, майдоннинг очилиши 2029 йилга мўлжалланмоқда. Лойиҳа қиймати — 170 миллион АҚШ долларидан кўпроқ. Майдоннинг реконструкция қилиниши 620 та иш ўрнини таъминлаб, Тошкент фондига қарийб 113 минг метр квадрат турар-жой ва тижорат кўчмас мулкини қўшади.
“Чорсу майдонининг янги қиёфаси пойтахтдаги Эски шаҳарни ўзгартириб юборади. Бу ерда сармоялар ва бизнес учун муҳим тортишиш нуқтаси пайдо бўлади. Биз мажмуамиз энг йирик маҳаллий ва халқаро компаниялар офисларининг уйига айланишини кутмоқдамиз. Замонавий меҳмонхона эса сайёҳларга эски Тошкентнинг нақд юрагида энг йирик мегаполислар даражасидаги қулайликда яшаш имконини беради”, — дея ҳикоя қилди лойиҳани ишлаб чиқиш гуруҳининг раҳбари Андрей Трeбунский.
Реконструкция бўйича ишлар давомида 1982 йилда архитектор Владимир Спивакнинг лойиҳаси асосида қурилган “Чорсу” меҳмонхонаси демонтаж қилинади. 
Меҳмонхона мураккаб тақдирга эга: 2000 йиллар бошида ёпилгач, у йигирма йилдан ортиқ вақт мобайнида ташландиқ ҳолда қолган. Шаҳар ҳокимиятининг уни реконструкция қилиш учун сармоядорларни жалб қилиш бўйича кетма-кет ҳаракатлари омадсиз кечган: йиллар давомида туриб қолиш натижасида биноларнинг техник ҳолати сезиларли даражада ёмонлашган. Ишлаб чиқилган ва жамоатчиликка тақдим этилган лойиҳалар тадбиркорлар томонидан қизиқиш бўлмаганлиги сабабли амалга ошмай қолаверган.
Маълумот учун, 2020 йилда Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан “Чорсу” меҳмонхонаси биноси E-аукцион платформасида очиқ савдолар орқали БААдаги Ittihad International Investment LLC компаниясига 16,9 млрд сўмга сотилган. Ҳозирда ўзбекистонлик ва хорижлик инвесторлар консорциуми лойиҳада иштирок этмасликка қарор қилган Ittihad International Investment LLC компаниясидан объектни сотиб олиш бўйича битимни ёпиш жараёнини амалга оширмоқда. Битимнинг қиймати ва инвесторлар гуруҳининг таркиби келишувга эришилганидан сўнг эълон қилинади.
2024 йилнинг октябрь ойида якунланган техник экспертизнинг кўрсатишича, ёғингарчилик ва атроф-муҳит таъсири натижасида меҳмонхона биносининг темир-бетон конструкциялари жиддий деформацияга учраб, қисман барбод бўлган. Арматурали ўзаклар 20 фоизгача майдонини йўқотиб, коррозияга учраган. 14-қаватдан бошлаб бино тепасигача барча устунлар ҳисоб талабларига мувофиқ эмас. Экспертиза хулосасига кўра, бино реконструкция қилиниши мумкин эмас. У яқинда Ўзбекистон маданий мероси рўйхати совет даври модернизми бинолари билан тўлдирилган вақтда ушбу рўйхатга киритилмаган ва қўриқланадиган мақомга эга эмас.
Немис архитекторлари томонидан ишлаб чиқилган янги мажмуанинг асосий биноси собиқ “Чорсу” меҳмонхонасининг умумий шамойилини сақлаб қолади. Янги осмонўпар бино шаҳар ландшафтида эски меҳмонхона ўрнини эгаллаб, Эски шаҳарнинг меъморий доминантига айланади. Янги бинолардан биридаги фойеда собиқ меҳмонхона тарихи ва унинг меъморий инновацияларига бағишланган кичик музейни очиш режалаштирилган.
331views0replies
0

Изоҳлар