Излаш
RUUZ

Жамият

Жаҳон банки Тошкент шаҳридаги ҳаво сифатини яхшилаш учун тафсиялар берди

Ҳисоботда ҳаво ифлосланишининг салбий оқибатлари, аҳоли саломатлигига зарар етказувчи асосий омиллар ва ҳавони тозалаш бўйича устувор чора-тадбирлар келтирилган.

105views0replies
0

UzNews.uz

Жаҳон банкининг “Тошкент шаҳридаги ҳаво сифатини баҳолаш ва Ўзбекистонда ҳаво сифатини бошқаришни такомиллаштиришнинг йўл харитаси” ҳисоботи Тошкент шаҳридаги ҳаво сифатининг кенг кўламли диагностика таҳлилини тақдим этади. Ушбу ҳужжат Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги кўмагида тайёрланган.
Ҳисоботда Тошкентдаги ҳаво сифати ҳақида тўхталиб ўтилади. Хусусан, ҳаводаги диаметри 2,5 микрон бўлган муаллақ заррачалар (PM2,5) инсон саломатлигига катта хавф туғдириши қайд этилган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бу заррачаларни ҳавонинг энг хавфли ифлослантирувчилари деб тан олган. Тошкентдаги ҳаво сифатини мониторинг қиладиган IQAir портали маълумотларига кўра, пойтахт кўпинча дунёнинг энг ифлосланган шаҳарлар қаторига киради.
Ҳисоботга кўра, PM2,5 заррачалари билан боғлиқ ифлосланиш Тошкентда қиш ойларида максимал даражага етади ва халқаро стандартлардан сезиларли даражада ошади. Бу заррачалар билан ифлосланиш нафақат аҳолининг саломатлигига, балки мамлакатнинг иқтисодий ҳолатига ҳам сезиларли зарар етказмоқда. Баҳолашларга кўра, Тошкент шаҳридаги ҳаво ифлосланиши Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) 0,7 фоизига тенг зарар келтириши мумкин.
PM2,5 нинг асосий манбалари сифатида Тошкентда иситиш сектори (28 фоиз), транспорт (16 фоиз) ва саноат (13 фоиз) кўрсатилган. Ёз ойларида эса шамол ташиб юрадиган чанг каби трансчегаравий манбалар устунлик қилади.
Ҳисобот Ўзбекистонда ҳаво сифатини яхшилаш учун “йўл харитаси”ни тақдим этади. Унга кўра, ҳаво сифатини бошқариш миллий стратегиясини ишлаб чиқиш, янги стандартлар қабул қилиш ва саноат, транспорт ҳамда энергия самарадорлигини оширишга оид чора-тадбирлар таклиф этилган. Хусусан, аҳолига экологик тоза иситиш усулларига ўтиш ва биноларнинг энергия самарадорлигини ошириш учун молиявий ёрдам кўрсатиш тавсия этилган.
Ушбу ҳисобот Жаҳон банки ва Ўзбекистон ҳукуматининг ҳаво сифатини яхшилаш бўйича ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатларини давом эттиришга қаратилган бўлиб, бу борадаги комплекс ёндашувни таъминлашга қаратилган.
105views0replies
0

Изоҳлар