Излаш
RUUZ

Жамият

Урганчда катта миқдорда гиёҳванд моддаларни сотган фуқароларга нисбатан суд ҳукми ўқилди

Тўрт нафар фуқарога 2 йиллик ахлоқ тузатиш ишларидан 16 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

96views0replies
0

t.me/xorazmviloyatisudlari

Жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар судида гиёҳвандлик воситаси савдоси билан шуғулланган 29 ёшли Р.Р. ва А.Р. ҳамда 52 ёшли У.Ю.ларга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди. Бу ҳақда Хоразм вилояти суди Матбуот хизмати маълум қилди.
Судда маълум бўлишича, Р.Р. 2023 йил сентябрь ойи бошларида Қўшкўпир тумани ҳудудида таниши А.Р.га 56,44 г. “героин”ни ҳар бир граммини 50 АҚШ долларидан, 569,56 г. “опий”ни ҳар бир граммини 14 АҚШ долларидан ҳисоблаб бериб, қонунга хилоф равишда сотган.
Р.Р. такроран жиноят содир қилиш йўлига кириб, А.Р.дан 97,56 грамм “опий”ни олиб, уни Тошкент шаҳрига етказиб беришни куёви Ҳ.Х.га айтган ва у билан жиноий тил бириктирган. Р.Р. куёвига мазкур хизмати учун 1,06 грамм “опий”ни текинга ўтказган. Ҳ.Х. гиёҳвандлик воситасини Cobalt'га жойлаб ҳаракатланаётганида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан Урганч туманидаги “Чолиш” ЙПХ блок постида қўлга олинган ҳамда гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқлангани сабабли жиноят охирига етказилмасдан, Р.Р. кўп миқдордаги гиёҳвандлик воситасини сотиш жиноятини содир этишга суиқасд қилган.
Шунингдек, Р.Р.нинг яшаш уйи кўздан кечирилганида, пол тагида яширилган турли идиш ва ўрамларда жами вазни 4322,75 г. “героин”, 21421,27 г. “опий”, 134,1 г. “марихуана”, 9,99 г. “метамфетамин” аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинган. Қайд этилишича, Р.Р. яна бир нечта ҳолатларда гиёҳвандлик воситаларини сақлаб қўйганлиги аниқланган.
А.Р. таниши Р.Р.га гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда сотиб ўтказган. Шунингдек, унинг ёнлари кўздан кечирилганда, устки кийими чўнтагида 2,63 г. “опий” аниқланган. Бундан ташқари, А.Р.нинг яшаш уйидан 56,44 грамм “героин” ҳамда 469,37 грамм “опий” гиёҳвандлик воситалари аниқланган.
Ҳ.Х. Р.Р.нинг кўп миқдордаги гиёҳвандлик воситасини сотишга суиқасд қилиш жиноятини содир этишида ёрдамчи сифатида иштирокчилик қилган. Шунингдек, унинг Cobalt'ида 3,36 г. “марихуана” ҳамда 1,06 г. “опий” аниқланган. Бундан ташқари, Ҳ.Х.нинг яшаш уйи кўздан кечирилганда 108,52 г. “марихуана” борлиги аниқлангани сабабли жиноят охирига етказилмасдан, кўп миқдордаги гиёҳвандлик воситаларни сотиш жиноятини содир этишга суиқасд қилинган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари А.Р.нинг яшаш уйини кўздан кечириш учун борганида, унинг отаси У.Ю.нинг устки кийими чўнтагида 0,61 грамм бўлган “опий”ни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда сақлаб қўйгани аниқланган.
Суднинг ҳукмига кўра Р.Р.га узил-кесил 16 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Шунингдек, ЖКнинг тегишли моддалари билан айбли деб топилган А.Р. узил-кесил 12 йил 6 ойга, Ҳ.Х. узил-кесил 10 йил 1 ойга озодликдан маҳрум қилинди ҳамда У.Ю.га иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
96views0replies
0

Изоҳлар