Қозоғистон Транспорт вазирлиги фуқаро авиацияси қўмитаси Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳаво ҳудуди орқали ўтувчи янги Т916 йўналиши очилганини маълум қилди. Бу Европадан Жануби-Шарқий Осиёга парвозлар учун қўшимча йўналиш ҳисобланади.
"Йўналиш очилганидан бери Европадан Жануби-Шарқий Осиёга 19 та рейсни амалга оширди. Ёз мавсуми охирига келиб фойдаланувчилар янги трассага мослашиб бўлгач, парвозлар сони яна ортиши мумкин", — дейилади хабарда.
Янги маршрутдан Lufthansa Cargo (Германия), Cargolux (Люксенбург), Cargolux Italy (Италия), Nomad aviation (Швейцария), Western Global Airlines (США), Aerologic Cargo Airlines (Германия) каби авиакомпаниялар фойдаланмоқда.
Т916 ҳаво коридорининг умумий узунлиги 2187 км. Ундан 437 километри Ўзбекистон ҳаво ҳудудига тўғри келса, қолган 1750 километри Қозоғистон ҳудудига тўғри келади.
Қайд этилишича, ҳаво ҳаракатига хизмат кўрсатишнинг янги Т916 йўналиши авиакомпаниялар ва Ўзбекистон аэронавигация провайдери "Ўзаэронавигация" ДУК таклифи билан очилган. Илгари ушбу йўналиш Халқаро фуқаро авиацияси ташкилотининг (ИCАО) имтиёзли йўналишлар каталогига киритилган эди.