Излаш
RUUZ

Жамият

«Уят бўлади»: Ўзбекистонда одамларни қандай қилиб уят ҳисси билан манипуляция қилишади

Ўзбек менталитетида уят нима? Бу шунчаки уят эмас, бу – оила, дўстлар ёки қўшнилар томонидан оммавий шармандалик ва айбдор қилиб кўрсатишдир.

419views0replies
0

Георгий Намазов / UzNews.uz

Уят – бу анъанавий жамият билан боғланган ва маънавий муҳрланган идеология. Айнан у ким «яхши» ва ким «ёмон» эканлигини ҳал қилади. Мақолада уят соғликка қандай таъсир қилиши ва нима учун у билан курашиш кераклиги ҳақида айтиб берамиз.
Уятнинг биринчи қоидаси – «ажралиб турма». Сиз ҳамма каби бўлишингиз лозим. Ўзингиз, фикрларингиз ва ташқи кўринишингиз кўпчилик одамларникидан ажралиб турса, сиз улардан уялишингиз керак. Уят одамларни қўрқув ҳисси, аниқроғи қораланиш ҳисси орқали бошқаради. Айнан шу сабабли халқ орасида фикрга қўшилмайдиган барча учун қўлланиладиган таниқли ибора мавжуд: «Одамлар нима дейди?»
Қўрқув ҳиссининг пайдо бўлишида «уятмен» деган номга эга бўлган одобни назорат қилувчилар роль ўйнайди. Улар одамни исталган сабаб билан уялтиришлари мумкин. Ноодатий ташқи кўриниш, аёлларнинг катта интилишлари, оила қуришни ёки ёш вақтда болали бўлишни хоҳламаслик – агар жамиятда ҳурматли одам бўлишни истасангиз, буларнинг барчаси йўл қўйиб бўлмайдиган вазиятлар ҳисобланади.
Георгий Намазов / UzNews.uz
Георгий Намазов / UzNews.uz
«Кимнидир уялтириш истаги – одам ўзига паст баҳо бериши ва «нолойиқ» инсондан ўзини юқори тутишининг белгисидир. Кўнглидаги «мен»и яхши бўлмаган одамлар кўпинча бошқаларга, биринчи навбатда ўзига ҳаммаси яхши эканлигини уқтиришга ҳаракат қилишади. Агар одам, уларнинг фикри бўйича, ўзини ёмон тутаётган бўлса, улар ўзларини одамлардан юқори санашлари ва ўзларини тутишларини юзага чиқаришлари мумкин.
Умуман олганда, бунда одамнинг ўзига баҳо бериши яхшиланиб қолмайди, чунки одамнинг ўзини борлигича қабул қилиши – бу инсон ўзини рефлексия қилиши ёки психолог билан ишлаш орқали эришиладиган узоқ жараёндир. Салбийликни бошқаларга «отиш» фақатгина вақтинча мамнунлик ҳиссини беради», – дейди психолог Кристина Роднина.

«Уятмен»лар берадиган асосий савол: «Одамлар нима деб ўйлайди?»

Бунда улар гўёки жамиятда ўзни тўғри тутишга йўналтиради. Одамни фақатгина маълум бир киши эмас, балки қўшниси, дўсти ёки қариндоши ҳам қораласа – бу анча сезиларли, уялтириш эса – одамга яхшироқ ва қулайроқ яшашга «ёрдам» бериш ҳисобланади.
«Бундай иборалар – доимо манипуляция ҳисобланади. Бошқа инсонга ҳақиқатда ҳам ёрдам беришни хоҳлайдиган одам уни уялтирмайди, аксинча яхшироқ бўлиш учун нима қилиш кераклиги ҳақида маслаҳат беришга ҳаракат қилади», – дейди Кристина.
Маслаҳатни сўрашганидагина бериш керак. Ўзини ҳурмат қиладиган тарбияли киши ҳеч қачон бошқаларнинг камчилигини юзага чиқармайди.
Георгий Намазов / UzNews.uz
Георгий Намазов / UzNews.uz
«Қоралаш қурбонлари асосан ўз шахсини ривожлантиришни бошлашга ҳаракат қилаётган ёшлар бўлишади. Бизда қуйидагича: озгина очиқ кийиндингизми – уят, йигит киши сочларини узун қилиб ўстириб олганми – уят, ўзингизни ҳимоя қилдингизми – бу ҳам уят. Афсуски, кўпчилик Ўзбекистон эркин давлат эканлигини унутиб қўйишади.
Мен ҳам ёшлигимда буларни ўзимда кўп ҳис қилганман. У вақтларда камерали қиз худди ғалатидек ҳисобланган, чунки бу жамият стереотипларига мос келмайди», – дейди суратчи Умида Аҳмедова.
Стереотипларга биз деярли ҳар куни дуч келамиз. Уларни йўқ қилишга ҳамма ҳам ҳаракат қилавермайди, арзимаган нарсалар учун «Уят бўлади» деган фикр эса одамлар онгида кучайиб бормоқда.
Умида Аҳмедова айтганидек, қоралашга кўпинча ўзини излаётган ёшлар учрайди. Катталар томонидан бўлган қоралаш ва хейт чиройли ўрамга ўралиб, «ёрдам бериш» ва «тўғри йўлга солиш» истаги сифатида тақдим этилади.
Георгий Намазов / UzNews.uz
Георгий Намазов / UzNews.uz
UzNews обуначиларидан бири ушбу масалада қуйидаги фикрларни билдирди:
«Мен татуировка сабаб қоралашга учраганман. Қўлимда кичик бўрининг расми бор. Рўмол ўраган бир аёл биз мусулмон давлатда яшашимиз ва айниқса қизларга бундай нарсалар тўғри келмаслиги ҳақида бутун метро вагонига бақириб, мени изза қилган. Кейин ўша аёл унинг эридан нари ўтиришимни, акс ҳолда менда муаммолар бўлишини айтган. Кўплаб йўловчилар менинг ёнимни олиб, давлатимиз эркин эканлиги ва ҳар бир киши ўз танаси билан ўзи хоҳлаган ишни қилиши мумкинлигини айтишган. Афсуски, ўша аёлнинг фикрини ҳеч ким ўзгартира олмаган».
Бундай ҳодисалар кам эмас. Албатта, жамиятнинг қоралаши – ўзбекистонликларнинг ноёб хусусияти эмас. У бутун дунёда, шу жумладан Марказий Осиё мамлакатларида ҳам тарқалмоқда. Лекин айнан Ўзбекистонда бу соғлом жамият орасида катта муаммо бўлиб қолмоқда.
Менталитет – бу нима ва нима учун у билан ахлоқни оқлашади?
Менталитет – бу маълум бир этник ёки миллий гуруҳнинг қарашлари, қизиқишлари ва фикрларининг бирлашувидир. Кўпинча, гап инсоннинг энг оддий ҳуқуқларига риоя қилиш ҳақида кетганда, айрим шахслар айнан уларга нотўғри ёки нолойиқ кўринган нарсаларга менталитетдан қарши кураш сифатида фойдаланиб, эътироз билдиришга ҳаракат қилишади. Лекин бундай кураш усуллари қанчалик тўғри?
Бу ерда биз авлоддан авлодга ўтиб келаётган ва халқ тажрибасининг бир қисми бўлмаган стереотиплар ва хулосаларга яна қайтамиз. Ушбу ғоялар анча олдин тарқалган ва замонавий жамиятда уларга ўрин йўқ.
Яқинда актриса ва бошловчи Нилуфар Ҳамидова саҳнага кесилган қисми бор либосда чиққани учун «Ўзбекконцерт»дан «огоҳлантириш» олди. «Ўзбекконцерт» либосни жуда очиқ, деб ҳисоблаган. Ушбу ҳодиса Ўзбекистонда одамни қонун билан тақиқланмаган нарсалар учун ҳам жазолашлари мумкинлигини кўрсатди.
Георгий Намазов / UzNews.uz
Георгий Намазов / UzNews.uz
«Албатта, кишини унга қарши расмийлаштирилган ҳужжатларсиз айбдор қила олмаймиз. Лекин бизда айрим одоб нормалари ҳуқуқ нормалари сифатида кўрилади ва шулардан жазолашга олиб келадиган айрим қарорлар чиқарилади. Ушбу мисолни оладиган бўлсак, қаерда қандай кийиниш кераклиги айтилган ҳужжат борми? Бу артистларнинг фаолияти ва лицензиясига қандай таъсир қилади?» – дейди инсон ҳуқуқлари бўйича ҳуқуқшунос Дилфуза Қуролова.
Сизни аслида жиноят ҳисобланмаган «уят» учун жазолашмоқчи бўлишса нима қилиш керак?
«Агар сизни жарима ёки қонун бузилиши ҳисобланмаган вазият учун қонуний жазо билан қўрқитишаётган бўлишса, биринчи навбатда айбсизлик презумпцияси ҳақида унутманг. Қўрқитиш, иғво ёки ёлғондан гувоҳлик, фирибгарлик – қонуний эмас. Шу сабабли бундай вазиятлар юзага келганида, одамнинг айби суд томонидан исботланмагунича қонун бирон «муҳр» ёки айбловларни қўйишни тақиқлашини айтиш керак.
Иккинчидан, қўлга олиш, тинтув ва олиб қўйиш ҳолатлари юзага келганида тегишли ҳужжатларни талаб қилиш лозим. Шунингдек, барча гумонланувчиларда адвокат ёллаш ҳуқуқи бор. Агар сизга нисбатан ҳуқуқ бузилиши содир бўлаётган бўлса, содир бўлаётган ҳодисаларни ёзиб олиш ёки сўзларингизни тасдиқлайдиган ҳақиқий гувоҳларга эга бўлиш яхшироқ», – дейди Дилфуза.
Георгий Намазов / UzNews.uz
Георгий Намазов / UzNews.uz
Қоралашга нафақат ўзни тутиш сабабли, балки ким бўлиб туғилганлик учун ҳам учраш мумкин. Қуйида ушбу фикрнинг кичик тасдиғи келтирилган:
«Мен яқинда кўпчилик ходимлар дангал гапирадиган компанияга ишга кирдим. Улар менга хаёлларига келган нарсаларни гапиришади. Мен, албатта, ҳақиқатни гапиришларидан хурсандман, лекин бир куни мени миллатим учун ёқтирмасликларини билиб қолдим – мен татарман.

Улар менга ҳали ҳам «Татар бор жойда хатар бор» дейишади.

Аввалига ҳатто раҳбарият ҳам мени айнан шу гап сабабли ишга олишни хоҳламаган. Бу менга руҳий жиҳатдан жуда ёмон таъсир қилди, мен ўз миллатим ҳақида гапиришга уяламан. Мендан бу ҳақида сўрашганида, имкон қадар жавоб беришдан қочишга ҳаракат қиламан».
Ўзбекистонда ҳар қандай дискриминация қонун билан тақиқланган. ЎзР ЖКнинг 156-моддасига мувофиқ, «миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш» фуқароларга нисбатан адоват ёки муросасизлик келтириб чиқариш мақсадида миллий шаън-шараф ва қадр-қимматни камситишга, диний ёки атеистик эътиқодига қараб, уларнинг ҳис-туйғуларини ҳақоратлашга қаратилган қасддан қилинган ҳаракатлар учун жавобгарликни белгилайди.
Афсуски, жамиятда миллати ёки жинсига нисбатан дискриминация, шунингдек, ногиронлиги бор кишиларга бир томонлама муносабатда бўлиш ҳали ҳам мавжуд. Минглаб одамлар улар танламаган нарса учун айбловлар ва салбий фикрлар эшитишади.
Георгий Намазов / UzNews.uz
Георгий Намазов / UzNews.uz
Мисол учун, UzNews обуначиларидан бирининг оиласи ableism – инсонга унинг касаллиги туфайли салбий муносабатда бўлиш сабабли қоралашга учраган:
«Жамиятнинг қоралаши оиламнинг ҳаётини ўзгартирди. Биз Тошкентда истиқомат қилувчи оддий ва ўртача оиламиз. Оиламизда уч нафар бола бор. Бир қарашда ҳаммаси одатдагидек, лекин битта «лекин» мавжуд – укамда олигофрения (ақлий заифлик) ташхиси бор. Касаллик шифокорлар хатоси туфайли пайдо бўлган. У бир ёшида комага тушиб қолган, комадан чиқаришга эса ҳеч ким шошилмаган. Лекин муаммо бу эмас.
Укамнинг ташхиси маълум бўлганидан кейин гап-сўзлар бошланди. Бувим, отамнинг онаси онамни касал бола туғганликда айблаб, уни болалар уйига бериб юбормоқчи бўлган ва келин «ногирон»ларни туғади, деган гаплар тарқатган. Ушбу ҳолат онамни кўп йилларга унинг ўзи ҳаммасида айбдор эканлиги ва бошқа туғиши керакмаслигига ишонтирган.
Гап-сўзлар янада тарқаб кетмаслиги учун, бутун оиламиз билан укамнинг касаллиги ҳақида ҳеч кимга ҳеч қачон гапирмасликка қарор қилдик. Мактабга боришни бошлаганимизда эса ота-онамиз укамиз ҳақида бирон кимга гапиришни мутлақо тақиқлашган ва бу бир умрлик қоидага айланди. Ҳатто ҳозир, оила қуриб ҳам укам ҳақида гапирмайман, турмуш ўртоғимнинг оиласида саноқли одамгина ушбу вазият ҳақида билади.

Жамиятнинг қоралаши, бармоқ билан кўрсатишлар, «бу уларнинг қонида бор, улар билан аралашмаслик керак» деган фикрлардан қўрқув оиламизни сир ташувчига айлантирди.

Кимдир оила аъзоларим ҳақида сўраганида, ўзимни доимо ноқулай ҳис қилганман. Алдаш ва айрим ҳолатларни яширишга тўғри келарди. Ëлғонлар сони ошиб, катта тугунга айланаверар эди. Ëлғончи бўлиб қолмаслик учун, ўтган сафар нима айтиб берганимни эслаб қолишим ҳам керак бўларди.
Аслини олганда, оилада имконияти чекланган кишининг мавжудлиги уятли, деб ҳисобламайман. Укам ҳам ҳамма каби жамият аъзоси ва бунинг учун уни қоралашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ».
Кўплаб ногиронлиги бор кишилар шундай муаммоларга учрашади ва бу уларнинг социумдаги аҳволини оғирлаштиради. Соғликдаги муаммолар бизни ёмонроқ қилмайди ва бу кулги учун сабаб бўлиши керак эмаслиги аниқ.
Георгий Намазов / UzNews.uz
Георгий Намазов / UzNews.uz
Булар билан бир қаторда, Ўзбекистонда «мизогиния» – аёлларга нисбатан нотўғри қарашлар ҳам кўп тарқалган.

Одамга айбдорлик ҳиссини юклаш ва уялтириш манипуляторнинг асосий қуроли. Ахир у фақатгина шу тариқа одамни далилсиз ноҳақ эканлигига ишонтириши мумкин.

«Афсуски, халқимиз маданиятида эркакларни улуғлаш, аёлларни эса ерга уриш одатга айланган. Оилада «хўжайин» эркак, айнан у нима тўғри ва нима нотўғри эканлигини ҳал қилади. Аёллар эса ажралиб турмасликка ҳаракат қилиб, бундай ҳолатларга кўникишади. Айнан шу нарса аёл бошқа бир аёлга нисбатан нафрат билан қарайдиган ички «мизогиния»ни юзага келтиради.
Бундан ташқари, аёл оғир вазиятга тушиб қолган бошқа бир аёлни эркакларга қараганда кўпроқ қоралайди. Бу одам миясининг ҳимоя механизмидир. Биз ёмон ҳодисалар содир бўладиган кишиларнинг ўрнида бўлишни истамаймиз, шу сабабли одамлар зўравонни эмас, балки жабрланувчини айблашга мойил: «у билан шундай нарса содир бўляптими, демак у ўзини тутиши керак бўлганидай тутмаяпти ва ниманидир қилиши керак бўлганидай қилмаяпти». Ушбу ҳолат «виктимблейминг» деб номланади. Шу тариқа сизнинг миянгиз психикани ҳимоялайди, чунки агар сиз у фақатгина аёл бўлгани учун жабрланаётганини тан олсангиз, сиз атрофдагиларга нисбатан ишончни йўқотасиз», – дейди психолог Кристина Роднина.
Одамни одатда уни ҳимоя қилиши керак бўлган киши ёмонлайди. Бу у учун нафақат ноқулай вазиятлар яратади, балки ҳолат ҳал қилиб бўлинган бўлса ҳам, ҳимоясизлик ҳисси ва ишончсизликни юзага келтиради.
«Бир аёл менга ўғирланиб, шаҳар ташқарисига олиб чиқиб кетилган ва ҳомиладор бўлиб қолганидан кейин кўчага ҳайдаб юборилган қиз ҳақида айтиб берган эди. Қиз ўз уйига қайтган, лекин уни қабул қилишмаган ва у ердан ҳам ҳайдаб юборишган. Қиз деярли кўчада қолган, чунки уни қабул қилиш «шармандалик» бўлар эди. Ўша аёл буни шундай мамнуният билан айтиб бергандики, худди бу бирон қувонарли нарсадек», – дейди суратчи Умида Аҳмедова.

Патриархат жамиятда аёлни эркаклар учун одатий вазият, баъзан эса фахр учун сабаб бўлган ҳолатлар учун қоралашади.

Нима учун аёлни у билан содир бўлган нарса учун ёмонлашади, ўғрилик қилган ёки алдаган шахс эса кўп ҳолатларда ҳеч қандай жазо олмайди?
Георгий Намазов / UzNews.uz
Георгий Намазов / UzNews.uz
Патриархат жамиятда кўпроқ аёллар нафрат ва қоралашга учрасалар ҳам, эркаклар ҳам бундан мустасно эмас, деб ҳисоблайди UzNews обуначиларидан бири:
«Жамият менга шундай таъсир қилдики, мен 27 ёш бўла туриб, уйдан ортиқча чиқишга ва одамлар билан мулоқот қилишга қўрқаман, нутқимдан, ташқи кўринишимдан ва ижтимоий статусимдан, аниқроғи унинг йўқлигидан уяламан. Мен ўзбек тилида яхши гаплаша олмайдиган ва мусулмон бўлмаган ўзбек миллатидаги йигитман. Бизнинг мамлакатимизда бу – ҳукм. Уят.

Одамларга тушунарсиз бўлган нарса улар учун автоматик тарзда уятга айланади. Ҳамма учун гапиришни хоҳламайман, лекин мамлакатимизда кўпчилик бошқаларга ўхшамайдиган кишиларни ёмон кўришади ва буни ҳар қанақасига исботлашга ҳаракат қилишади.

Бугунги кунда ўзинг бўлиш уят. Агар сен билан ҳисоблашишларини истасанг, ҳамма каби бўл. Афсуски, эркакларга бўлган «абьюз» ҳар доим қўллаб-қувватланади: «бу уни кучлироқ қилади, эркатой бўлмасин». Доимо шундай бўлган ва бундан кейин ҳам бўлади».
Георгий Намазов / UzNews.uz
Георгий Намазов / UzNews.uz
Конформизм ёки индивидуаллик: Оталар ва болалар муаммоси
Жамият кўпинча одамни қоидалар ичига итаради ва ўз индивидуаллигини йўқ қилишга мажбурлашади. Одамнинг ўз хоҳишлари муҳим эмас, чунки улар яқин инсонлар томонидан маъқулланмайди.
Ташқи кўриниш, ўзни тутиш, қизиқишлар, касб танлаш, ҳаётий мақсадлар – буларнинг барчаси ҳар сафар одам танқидга учраганида қоидаларга қараб мослаштирилади. Ëрқин кийим, макияж, татуировка ва индивидуалликни қайд этадиган бошқа услублар ҳатто катта ёшда ҳам танбеҳга учрайди, бунинг натижасида эса шахсий истакларнинг йўқ бўлиши бошланади.
Лекин танбеҳлар ташқи кўриниш билан чекланмайди. Олий таълим олиш ва муносиб касбга эга бўлиш истаги турмуш қуриш ва оилавий ҳаётни бошлашга мажбурлайдиган ота-оналарни деб йўқ бўлади. Барчасига сабаб – болани бошқа болалар билан солиштиришдир:

«Қизим 23 ёшда ва ҳали ҳам турмуш қурмаган, унинг ёшидаги қариндошлар ва дўстлари эса аллақачон оила қуришган. Бу менга ёқмайди».

Бундай ҳолатлар кўпинча ота-она фарзандида ўз истак ва қарашларига эга индивидуал шахсни эмас, балки ўзларининг давомини кўрганда юзага келади. Бола худди ота-она катта бўлган стандартларга мос келмаганида, бу ота-она муносиб ота-она бўла олмаганини англатади. Бунинг учун эса уларни қаттиқ қоралашади, чунки стереотиплар ҳеч кимни аямайди.
«Қариндошлар билан ҳамоҳанг муносабатда бўлиш жуда муҳим. Лекин ўз истакларини четга суриб, доимо ота-онанинг хоҳишлари ва жамиятнинг кутувларига мослашадиган одам охирида бахтсиз бўлади, чунки у ўз ҳаётини яшамайди», – дейди психолог.
Георгий Намазов / UzNews.uz
Георгий Намазов / UzNews.uz
Инсон ўзида уят ва қабул қилинмасликни ҳис қилишида нафақат атрофдагилар, балки маркетологлар ҳам роль ўйнайди. Улар одамнинг ташқи кўриниши, танаси ёки ўзини тутиши одатий ҳолат эмаслигини уқтиришади. Улар мавжуд эмас муаммони яратиб, ўша вақтдаёқ унинг ечимини таклиф қилишади.
Мисол учун, тишлар сарғиш рангда бўлиши ва бу гигиена ёки оғиз бўшлиғи касалликлари билан боғлиқ бўлмаса – бу мутлақо нормал ҳолат. Лекин «оқартирувчи» тиш пастаси ва «голливуд табассуми» тренди миллиардлаб одамларни битта нарсага ишонтиришди: «чиройли ҳисобланиш учун тишларингиз оппоқ ва ялтираб турадиган бўлиши керак». Ушбу трендда оқартирувчи тиш пасталари ва бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқарувчилар миллионлар ишлаб топишмоқда.

Тўлақонли эмаслик ва уят ҳиссида ўйнаш – инсоннинг эркинлиги ва хоҳишларига қарши бош қуролдир. Ахир кимгадир у «нотўғри» эканлигини сингдирсангиз, ўша одам эртами кечми бунга ҳақиқатда ҳам ишонишни ва ўзини ўз фикрлари учун айблашни бошлайди.

Буни интернетда қилиш анча осон, чунки ижтимоий тармоқларда хейтга деярли ҳар куни учраймиз. Ўзингизни жамиятда қандай кўрсатаётганингиздаги ҳар бир нарса муҳокама ва қоралашларга сабаб бўлади, ижтимоий тармоқлар эса – катта жамоатга кўрсатишнинг энг тез усули.
Буни енгиб чиқа олиш қийин. Лекин шуни ёдда тутиш керакки, одамга ташланаётган салбий фикрлар асосан хейтернинг ўзининг муаммолари ва ўзига баҳо беришининг проекцияси ҳисобланади. Одамга кўпинча унинг ўзидаги комплекслар ёки унутилмаётган вазиятлар билан боғлиқ сўзлар ёқмайди.
Агар кимдир ижтимоий тармоқдаги постингиз остида расм жуда ёмон эканлигини ёзган бўлса, сиз эса яхши кўринаётганингизни аниқ билсангиз ва бошқалар ҳам ташқи кўринишингизни ижобий баҳолашса, сиз бу ҳолатга ҳеч қандай эътибор бермайсиз. Ахир сиз бу ҳақиқат эмаслиги ва шунчаки кимнингдир сизга қизиқ бўлмаган фикри эканлигини биласиз.
Лекин ўзингизга ҳам унчалик ёқмайдиган қоматингиз бўйича салбий изоҳни юрагингизга яқин оласиз, ушбу иккала изоҳ ҳам аслида сизни ерга уриш учун ўйланмасдан ёзилган бўлади.
Георгий Намазов / UzNews.uz
Георгий Намазов / UzNews.uz
Қоралаш ва «уятмен»лар билан қандай курашиш мумкин?
«Одамлар орасида ўзни англашни кучайтириш лозим. Инсон психологик нуқтаи назардан ўзи ва атрофдагилари билан муносабатларни қандай қилиб тўғри қуриши ҳақида айтиб бериладиган кўрсатув ва дастурлар керак. Ўйин-кулги билан бир қаторда, ҳақиқатда ҳам фойдали ва керакли нарсани йўлга қўйиш вақти келди. Ўз мисолида нима қандай бўлиши мумкинлиги ва кераклигини кўрсатадиган ёрқин шахслар керак», – дейди Умида Аҳмедова.
Ҳаётда ўзимиз билан муносабат қуриш жуда муҳим. Ўзни англаш ва кимгадир эмас, балки айнан сизга керакли нарсаларни тушуна олиш нафақат ўзингизни қулай ҳис қилишга, балки атрофдагиларга зиён етказмасликка ёрдам беради.
«Биз ҳам худди бошқалар каби одам эканлигимизни қабул қилишимиз керак. Бизни қоралашади, балки биз ҳам кимнидир ёмонлармиз. Шунчаки тушунадиган инсон бўлиш ва ўз томонингиздан хейтга йўл қўймаслик лозим. Қолган ҳолатларда эса биз – Ер маркази эмаслигимизни ёдда тутиш кифоя. Бугун бизни қоралашади, эртага бошқа биронтасини топишади, 100 йилдан кейин эса бу ҳаётда биз  бўлмаймиз ва буларнинг барчаси  ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмайди. Айтилганидек, дунёни ўзгартиришни истасангиз, буни ўзингиз ва ўз муносабатларингиздан бошланг», – дейди психолог Кристина Роднина.
Қоралаш ёки қораламаслик, буни очиқчасига ёки «жимгина» қилиш ва атрофдагиларнинг сўзларига эътибор қаратиш – ҳар бир кишининг шахсий иши. Биз ҳаммамиз ўз ташқи кўриниши, танаси, қарорлари, хатолари, қарашлари ва фикрларига эга инсонмиз. Ҳар биримизнинг эркин шахс бўлишга ҳаққимиз бор. Айнан шу сабабли  одам баъзан хаёлларини жойига қўйиб, ўзига савол бериши керак: ўзим мен қоралаётган кишининг ўрнида бўлиб қолганимда нима қилган бўлар эдим?
419views0replies
0

Изоҳлар