Излаш
RUUZ

Маданият

Бухоро шаҳрида “Боқий Бухоро” тарихий-этнографик парки барпо этилади — фото

Мазкур парк ҳудудида этнографик музей, тарихий маҳаллалар, аҳоли учун хизмат кўрсатувчи чойхоналар ва миллий таомлар тамаддихоналари ва яна қатор тарихий объектлар бўлади.

141views0replies
0

Бухоро вилоят ҳокимлиги

Аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш, юқори сифатли сервис хизматлар кўрсатилишини ташкил этиш, тарихий меъморчилик анъаналарини давом эттириш, яшил боғлар ва сайлгоҳларни кўпайтириш мақсадида кўҳна ва ҳамиша навқирон Бухоро шаҳрида “Боқий Бухоро” тарихий-этнографик парки барпо этилади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда. 
Қайд этилишича, мазкур паркнинг яратилишидан кўзланган бош мақсад қадим Бухоронинг бой тарихи ва маданиятини, ноёб моддий ва номоддий маданий меросини асраб-авайлаш, уни янада кенгроқ тарғиб этиш.
Ҳокимликка кўра, тарихий-этнографик парк ҳудудидан Бухоро анъанавий меъморчилиги дурдоналари ва замонавий шаҳарсозлик услублари уйғунлигини ўзида ифода этган объектлар, жумладан, этнографик музей, Бухоро воҳаси учун хос бўлган тарихий маҳаллалар, аҳоли учун хизмат кўрсатувчи чойхоналар ва миллий таомлар тамаддихоналари, анъанавий дренаж тизимлари - ариқ ва ҳовузлар, ҳунармандлар расталари, заргарлик, зардўзлик, каштачилик, ёғоч ўймакорлиги, темирчилик, кулолчилик, наққошлик, пичоқчилик каби амалий санъат устахоналари ўрин олади.
Мажмуа марказида, шунингдек, мусиқали фаввора ҳам ташкил этилиши кўзда тутилган. Этнографик парк барпо этилишида халқаро экспертлар гуруҳи ва маҳаллий мутахассислар жалб этилади. Бу ҳудуддаги барча ишлар ЮНЕСКО Бош конференцияси томонидан 1972 йил 16 ноябрда қабул қилинган Умумжаҳон маданий ва табиий меросини муҳофазаси бўйича конвенция талаблари асосида амалга оширилади.
Таъкидланишича, ушбу барпо этилажак парк ҳудудида кўкаламзорларнинг кенгайтирилиши ҳам режалаштирилган. Бу лойиҳа асосида мўлжалланган ҳудуднинг учдан икки қисмида Бухоро аҳолиси ва меҳмонлар сайр қилиши учун муҳташам сайлгоҳ (яшил боғ) бунёдга келиши мўлжалланган. Бунда лойиҳа ҳудудида “Яшил Бухоро” дастурига мувофиқ илгари ташкил этилган майдондаги дарахтлар ва яшиллик қиёфаси тўлиқ сақлаб қолинади ҳамда янги боғ манзараси сифатида янада бойитилади.
141views0replies
0

Изоҳлар