Бугун, 4 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди.
Сўнгги йилларда 472 минг гектар ер томчилатиб ва 48 минг гектари ёмғирлатиб суғоришга ўтказилди, 97 минг гектарда бошқа сув тежовчи технологиялар жорий қилинди.
Натижада жорий йилда 2 млрд куб метр сув тежалган. Мисол учун, бу Бухоро вилоятининг бир йиллик сув сарфига тенгдир.
Таъкидланишича, туман ирригация бўлимларининг ваколатлари хўжаликлараро каналлар билан чекланган. Сув етказиш хизматлари самарали молиялаштирилмаган. Тежамкор ускуналар ўрнатиш тижорат банклари томонидан ажратилаётган кредитлар фермерларга жозибали эмас.
Маълум қилинишича, жорий йилдан далагача етказилган 1 куб метр сув учун солиқ 100 сўм этиб белгиланди. Сув истеъмолчилари билан ҳисоб-китобни шу тамойил асосида йўлга қўйиш таклиф қилинмоқда.
Жумладан, 2025 йилдан бошлаб, далада сув ҳисоблагич ўрнатган ва тежамкор технологияларни қўллайдиган фермерлар учун солиқ коэффициенти камайтирилади. Аксинча ҳолатларда эса оширилади. Шу билан бирга, сув етказиб бериш учун тўловлар бекор қилинади.
Қайд этилишича, бунинг учун имтиёзли кредит линияси ташкил қилинмоқда. Хусусан, кредитлар 2 йиллик имтиёзли давр билан 5 йил муддатга 14 фоизлик ставкада ажратилади. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги лойиҳалар учун эса 10 фоиз бўлади. Кредит олишда фермерлардан мол-мулк гарови талаб қилинмайди.
Маълумки, бугунги кунда сув тежовчи тизим жорий қилинган ҳар бир гектар учун 8 млн сўм миқдорида субсидия берилади. Шу пайтгача бу маблағнинг 50 фоизи технология ўрнатилган йилда, қолгани келгуси йили унинг ишлатилишига қараб тўланар эди. Энди бу борада ҳам қулайлик яратилиб, барча субсидия маблағларини ўша йилнинг ўзида тўлаб бериш белгиланмоқда.
Давлат раҳбари бу таклифларни маъқуллаб, сўнгги истеъмолчигача бўлган тизимни тўғри йўлга қўйиш, сувни тежаш ишларини кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берди.