Тошкент кўчаларида тунги вақтда йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузиб, ўзгаларнинг ҳаётини хавф остига қўйиб турли манёврлар қилиб юқори тезликда ҳаракатланганлиги акс этган видео ижтимоий тармоқларга сиздирилди. Ушбу ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ изоҳ берди.
Аниқланишича, давлат рақами 01 G 366 QB бўлган Cobalt автомашинасини 2005 йилда туғилган А.И. тегишли ҳужжатларсиз бошқариш, қўпол тарзда йўл ҳаракати қоидабузарлигини содир этган.
Қоидабузарга нисбатан МЖтКнинг 128-5-моддаси (транспорт воситалари ҳайдовчиларининг халақит бериши ёки авария ҳолатини юзага келтириши, йўлнинг қарама-қарши ҳаракатланиш учун мўлжалланган томонига ёки бўлагига чиқиши) ҳамда 135-моддасига (йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариши) мувофиқ маъмурий баённома расмийлаштирилиб автомашина вақтинчалик сақлаш учун жарима майдончасига қўйилди.