“Адолат” СДПдан Ўзбекистон президентлигига номзод Робахон Махмудова тиббиётчилар ва фармацевтлар ўртасида ноқонуний мулоқотни тўлиқ тақиқлашни такфлиқ қилди.
Унинг айтишича, фармацевтика ва тиббиёт ходимлари орасидаги яширин келишувлар ортидан беморларни ҳаддан зиёд дорилар сотиб олишга ундаш ҳолатлари барчани ташвишга солмоқда.
Тиббиёт муассасаларидаги фаолиятга фармацевтика ташкилотлари томонидан баъзан очиқчасига ҳомийлик қилинади. Тиббиёт соҳасидаги бундай муносабатлар тўғридан-тўғри коррупция сифатида баҳоланиши лозим.
Тиббиётчилар ва фармацевтлар ўртасида ноқонуний мулоқот тўлиқ тақиқланиши керак, бундай мулоқотлар ва совғалар учун жазо муқаррар бўлиши, янги дорилар ва даволаш услублари фақат вазирлик томонидан тушунтирилиши лозим.
"Нодавлат тиббиёт ташкилотларини тижорат ташкилотидан нотижорат ташкилотига ўтказиш бўйича амалий чораларни кўриш лозим. Тиббиёт ташкилотларининг тижорат ташкилоти бўлиши тиббий ёрдам ўрнига маблағ ортидан қувишга олиб келади.
Тиббиёт даромад олиш манбаига айланмаслиги тарафдоримиз. Бундай амалиёт Жанубий Корея ва бошқа бир қатор ривожланган мамлакатларда қўлланмоқда", - дея таклиф билдирди Робахон Махмудова.