Фарғона вилоятида келинини уриб ҳушидан кетказиб, кейин унинг бошини узиб олган 64 ёшли қайнотага нисбатан суд ҳукми ўқилди.
Маълум қилинишича, воқеа 2022 йил 1 октябрь куни Қўштепа тумани "Қумдон" МФЙдаги хонадонлардан бирида содир бўлган.
1958 йил туғилган эркак келини, яъни кенжа фарзандининг хотини билан ўзаро жанжаллашиб қолган. Жанжал давомида қайнота томонидан бўйин қисмига қаттиқ зарб билан урилиши сабаб 1988 йилда туғилган келин ҳушини йўқотиб, ерга йиқилган.
Қайнота ҳушсиз ётган келинини уйда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, уйидаги Matiz'да Фарғона тумани Оқбулоқ қишлоғидаги адирликка олиб борган.
Шундан сўнг, у ошхона пичоғи билан келинининг бош қисмини танасидан буткул ажратиб олган. Ажратилган бошни қора целлофан пакетга солиб, Олтиариқ тумани "Файзобод" МФЙдаги йўл четида жойлашган арча дарахти орасига илиб кетган.
Суд-тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, марҳума оғир тан жароҳати олгани ва кўп қон йўқотгани оқибатида вафот этган.
Жиноят ишлари бўйича Қўштепа туман суди томонидан айбланувчига нисбатан суд ҳукми ўқилди. Судланувчи ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми ва 134-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилди. У 13 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди.