Хоразмда 8-синф ўқувчи қиз зўрланди. Уни зўрлаган эркаклар 11 киши бўлиши мумкин. Бу ҳақда қизнинг холаси UzNews.uz'га мурожаат билан чиқди.
Унинг маълум қилишича, 2022 йилнинг август ойида Хоразм вилояти Янгиариқ туманида яшовчи 15 ёшли жияни 11 нафар эркак томонидан зўрланган.
Вилоят ИИБ тергов бошқармаси берган баёнотга кўра, ҳолат юзасидан 2 сентябрь куни Жиноят кодексининг 128-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, 11 киши гумонланувчи сифатида ишда иштирок этишга жалб қилинган. Жиноят иши юзасидан суд-биологик экспертизаси тайинланган. Аммо, ҳозирга қадар экспертиза хулосаси тайёр бўлмагани сабабли жиноят ишининг тергови вақтинча тўхтатилган.
UzNews.uz мухбири ҳолат юзасидан Омбудсман матбуот котиби Фотима Мадраҳимова билан боғланди.
Унинг айтишича, мазкур масала бўйича Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга мурожаат келиб тушган. Шундан сўнг, Болалар омбудсмани ушбу мурожаатни жойига чиқиб ўрганган. Ҳолат юзасидан 3 нафар эркак ҳибсга олинган. Аммо, 11 нафар эркак зўрлагани ҳақидаги хабар ҳали аниқ эмас. Бу бўйича текширув ўтказилмоқда.
Ўрганиш натижалари бўйича Бош прокуратура ва ИИВга мурожаат юборилган.
ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов ҳолат юзасидан ҳужжатлар судга берилгани, жиноят иши тафсилотларини маълум қилолмаслигини айтди. Унинг айтишича, иш судда кўрилганидан сўнг маълумотлар очиқланади.