Жорий йилнинг 3 февраль куни Жиззах вилояти Пахтакор туманида ИИО ходимлари қалбаки пулларни муомалага киритаётган шахсларни фош этди.
Аниқланишича, номаълум шахс томонидан 4 300 000 сўм миқдордаги қалбаки пулни пайнет орқали банк пластик картасига тушириб олганлигидан хабар топган. Ўтказилган экспертиза пулларнинг сохталигини тасдиқлади, дея хабар бермоқда Жиззах вилояти ИИб матбуот хизмати.
Унга кўра, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб ИИО ходимлари томонидан суриштирув давомида ушбу Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани Ҳаваслик маҳалласи ҳамда Жиззах шаҳрининг Мирзо Улуғбек маҳалласидан яшовчи икки нафар шахс ушланди. Гумонланувчилардан 10 дона пайнет чеки, 39 дона банк квитанцияси ва 1 дона банк пластик картаси ҳужжатлаштириб олинган.
Шунингдек, ушбу шахсларнинг кўрсатмаси асосида 4 та пайнет шохобчасидан 4 ярим миллион сўм миқдордаги қалбаки пуллар олинди.
Қолаверса айбланувчилардан бири Мирзо Улуғбек маҳалласида жойлашган қурилиши тугалланмаган кўп қаватли бинога яшириб қўйган 18 миллион сўм миқдордаги қалбаки пуллар ҳужжатлаштириб олинди. Суриштирув жараёнида гумонланувчилардан бири қалбаки пулларни Самарқанд вилояти Паяриқ тумани Хўжаисмоли маҳалласида истиқомат қилувчи шахсдан сотиб олганлигини билдирган.
Аниқроғи у қалбаки 28 миллион сўмни 18 миллион сўмга сотиб олган.
«Жиззах шаҳар Бобур маҳалласида жойлашган пайнет шохобчасига 2 миллион сўм қалбаки пулларни бериб ўзимнинг шахсий пластик картамга ташлаттириб олдим», — деди айбланувчи.
ИИО ходимлари Самарқанд вилояти Паяриқ тумани Хўжаисмоли маҳалласида яшовчи шахсни қўлга олишганида у 200 минг сўмлик қалбаки купюраларни 60 минг сўмдан Бухоро вилояти Бухоро шаҳри Пиридасгир маҳалласида яшовчи шахсдан сотиб олганлигини билдирди.
«Менинг қўлимда нақд пул бўлмаганлиги сабабли Жиззахга қайтиб келиб, автомашинамни гаров сифатида қўйиб 23 миллион сўм нақд пулларни олиб, Самарқанд шаҳрига бордим. Шундан сўнг 18 миллион сўм ҳақиқий пулларни бердим. Менга ўзи билан бирга олиб келган қалбаки пулларни бериб, машинадан тушаётганда менга тайинлади. Қалбаки пулларни «краска»си, лаки яхши қотмаган, ҳиди бор, уйга бориб қуритиб қўйинг деб айтди», — деди айбланувчи.
Жиззах вилояти ИИБ ЖҚБнинг коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ходимлари Бухоролик ҳамкасблар билан биргаликда тезкор тадбирни давом эттириб, Бухоро шаҳрининг Фурқат маҳалласи ҳудудида 30 миллион сўмни 100 миллион сўм қалбаки пулга алмаштирган шахсни қўлга олди. Кўп ўтмай сохта пулларни тайёрлашда иштирок этган Бухоро шаҳрининг Фурқат ҳамда Муртазоев маҳалласида яшовчи 3 нафар шахс ушланди. Уларнинг турар жойидан 336 миллион 400 минг сўм сохта пул, 4 та компьютер жамланмаси, 5 дона принтер, 3 дона қоғоз кесиш мосламаси ва 35 дона рангсиз лаклар ҳужжатлаштириб олинди.
Умумий ҳисобда гумонланувчилардан 462 миллион 400 минг сўм қалбаки ашёвий далил тариқасида ҳужжатлаштириб олиниб, таркибида 6 киши бўлган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди ва уларнинг барчаси вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилди.
айни пайтда юқоридаги ҳолатлар юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.