Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига фуқаро Э.З ариза билан мурожаат қилиб, блогерлик билан шуғулланаётган фуқаро Aбдуқодир Мўминовга нисбатан чора кўришни сўраган.
Тергов давомида маълум бўлишича, А.Мўминов 2021 йилнинг октябрь ойида танқидий видеолавҳалар тайёрлаш ва ижтимоий тармоқларда тарқатиш орқали фуқаро Э.З.нинг укаси Д.Ю.нинг номига расмийлаштирилган МЧЖ билан боғлиқ ҳолат юзасидан Сирдарё вилояти ИИБ Тергов бўлими иш юритувидаги жиноят ишини ижобий ҳал этишга ИИБ ходимларини гўёки мажбур қила олишини айтиб, шу орқали Э.З.нинг ишончига кирган.
Ўзининг хизматлари учун жами 10 000 AҚШ долларини талаб қилиб, ундан 3 800 AҚШ долларини олдиндан олган, аммо A.Мўминов ваъдасини бажармай, олинган пулларни ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.
Бундан ташқари, шу йилнинг октябрь ойида A.Мўминов Жиззах вилоятида яшовчи фуқаро A.Т.дан товламачилик билан пул ундириб олган. Абдуқодир Мўминов A.Т.нинг ташкилоти ҳақида салбий видео тайёрлаганини, агар у ушбу материални ижтимоий тармоқдаги "Кўзгу" номли саҳифаси орқали тарқатса, ташкилот раҳбариятига нисбатан жиноий иш қўзғатилишини айтган.
Шу тариқа, у фуқаро A.Т.ни ўз мулкини берига мажбур қиладиган шароитга солиб, ушбу маълумотни сир сақлагани учун ундан 70 000 AҚШ доллари талаб қилган.
Фуқаро A.Т. билан A.Мўминов ўртасидаги суҳбатлар аудиоёзувини кўрсатувига далил сифатида тақдим этиб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатишни сўраган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан А.Мўминовга нисбатан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан ЖКнинг 168-моддаси (“Фирибгарлик”), 165-моддаси (“Товламачилик”) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган. А.Муминов процессуал тартибда ушланган.