Излаш
RUUZ

«У оёғимдан ушлаб олиб, сонимга тегинмоқчи бўлди»

Ҳар иккинчи қиз жамоат транспортида ҳеч бўлмаса бир марта тегажоғликка учраган. Ўзбекистонда одамлар бу мавзу ҳақида гапиришмайди ва муаммоларни айтишмайди. Жабрланувчилар тегажоғлик ҳодисалари ҳақида айтиб беришдан қўрқишади ёки бундан ҳам ёмони – жамиятнинг қоралашидан қўрқиб, сукут сақлашади ва турли тегинишларга чидашади. Атрофдагилар эса кўпинча зўравонликка эътибор беришмайди ва бундай ҳодисаларга аралашмайди.

3065views0replies
0

Биз қизларни хавфдан огоҳ қилиш, зўравонликка қандай муносабатда бўлиш ва бундай ҳодисалар натижасида психика билан нима содир бўлишини айтиб бериш мақсадида транспортда тегажоғликка учраган жабрланувчилар, гендер зўравонлигига қарши кўнгилли ва психолог билан суҳбатлашдик.

«Мен ишга метрода кетаётган эдим, вагонда одамлар кўп эди. Вагонга кириб, бирон нарсани англашга улгурмасимдан орқа қисмимни қаттиқ ушлаётган қўлни сездим. Ўгирилиб, мамнун тиржайиб турган 50 ёшлар атрофидаги эркакни кўрдим. Мен кенг шим, свитер ва курткада эдим. У мени юбориб, одамлардан ёпган ҳолда ўзи билан эшик бурчагига қисиб қўйди ҳамда очиқ тарзда тегинишни ва бемаза гапларни гапиришни бошлади. Бундай шокка тушиб қолиб, овоз чиқара олмай қолишим ҳақида ҳеч қачон ўйламаган эдим. Бир неча йигитлар буни кўришди, лекин, ўзларини сезмаганга олишди. Бу ҳолат яна иккита бекат вақтида давом этди, кейин эса у эркак тушиб қолди. Мен шок ҳолатида ишга етиб олдим, лекин, кўринишим бир аҳвол эди, ҳамкасбларим буни дарров сезишди. Мен уларга ҳодиса ҳақида айтиб бердим, қизлар эса бунга сипо кийиниш керак, деб жавоб беришди ва мавзуни ёпишди».

Ушбу ҳодисада бир нечта муаммоли омилларни кўриш мумкин:
• жинсий тегажоғлик;
• жабрланувчининг бирон нарса қилмаслиги;
• атрофдагиларнинг эътибор қилмаслиги;
• танишларнинг стереотип гап-сўзлари;
• сукут сақлаш.
Фроттеризмга (француз тилидан таржима қилинганида frotter – ишқаланиш) фақатгина жамоат транспортида эмас, балки одамлар гавжум бўлган исталган жойда дуч келиш мумкин. Фроттерист сездирмасдан тегажоғлик қилишга ҳаракат қилади ва дарров беркинади, агар уни сезиб қолишса, у жамоат транспортидан энг яқин бекат ёки тўхташ жойида тушиб қолиши мумкин.

«Мен автобусда ўтирган эдим, қаршимда эса – 70 ёшлар атрофидаги ёши катта эркак. У тўхтовсиз менга қандайдир ёввойи нигоҳ билан қарор эди. Бироз вақтдан кейин эса унинг қўлидаги телефонда порно-видеони сезиб қолдим. Кўрган нарсамдан кўнглим айнишни бошлади ва қўрқиб кетдим, эркак ҳам буни сезди ва автобусдан чиқиб кетди».

Тегажоғлик содир бўлганида қизлар ўзларини қандай тутиши керак?
Қизлар кўпинча бундай вазиятларда ўзларини йўқотиб қўяди ва ўзларини қандай тутишни билмайди. Ўзбекистонда гендер зўравонлигига қарши кўнгилли Милана Гашева жамоат транспортида фроттеризм ҳолатларида ўзни қандай тутиш ва қаерга мурожаат қилиш мумкинлиги ҳақида айтиб берди.
«Агар имкон бўлса, тегажоғлик ҳолатларини расм, видео ва аудио ёрдамида қайд этиб олинг. Бақириш ва ёрдам сўрашдан уялманг. Агар тегажоғлик транспортда содир бўлса – кондукторга айтинг. Агар бундай вазият таксида юзага келса, маршрут трансляциясини яқин инсонингизга юборинг ва сизга қўнғироқ қилишини сўранг», – дейди Милана.
Шуни инобатга олиш керакки, фроттеристларга фақатгина автобус ёки метро вагонларида эмас, балки таксида ҳам дуч келиш мумкин.

«Такси хизматлари ҳали у қадар оммабоп бўлмаганида, мен кўчада такси тўхтатиб, машинанинг орқа ўриндиғига ўтирдим. Бутун йўл давомида ҳайдовчи ўгирилиб, менинг оёқларимга қарар эди (мен жинсида эдим). Мен ундан йўлга қарашини сўрадим. Кейин эса у светофорларнинг бирида қўлини шимининг ичига киргизиб, жинсий аъзосини чиқарди. Ўшанда мен машинадан қочиб чиқдим, светофорда тўхтаб турганимиз менга ёрдам берган».

Тегажоғлик ҳодисаларида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилиш зарур. Қонунда жинсий ва жисмоний зўравонлик ҳақида формулировка мавжуд, тегажоғлик термини эса ишлатилмайди.
«Тазйиқ ҳақида қисм бор, лекин, унинг учун жазо кўзда тутилмаган. Фақатгина безорилик учун – жамоат тартибини бузиш сифатида жазога тортишлари мумкин. Бунинг учун энг кам иш ҳақининг уч баробаридан беш баробаригача жаримага тортишлари ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоқ жазосини тайинлашлари мумкин», – дейди Милана.
Тегажоғлик психикага қандай таъсир қилади?
Тегажоғликни одатий ҳолат, деб бўлмайди. Баъзан шундай ҳодисалар бўладики, фроттерист қизларга куч ишлатиб, ахлоқсиз нарсалар қилдирмоқчи бўлади.

«Мен ўшанда 16 ёшда эдим. Такси тўхтатдим, нархни келишдик, ҳайдовчи йўлда яна мижозлар олишини айтиб, олдинги ўриндиққа ўтиришимни сўради. Мен ёмон ҳаёлларсиз ўтирдим. Йўл узоқ эди, ҳайдовчи менга саволлар беришни бошлади: «Ëшинг нечада?», «Ўзбекмисан?», «Ким билан яшайсан?», «Йигитинг борми?». Мен унга жавоб берар, лекин, мулоқотни давом эттирмасликка ҳаракат қилар эдим. Биз светофорда тўхтадик, у оёқларимни ушлаб олиб, сонимни силамоқчи бўлди. Мен қўрқиб кетдим, у эса бокиралигимни сўрашни бошлади. Кейин сумка билан унинг бошига уриб, машинадан қочиб чиқдим. Қайсидир подъездга беркиниб, у ерда икки соат ўтирдим».

Кўплаб қизлар бундай ҳодисалар ҳақида гапириб бераётганида ўзларига нисбатан «нопок» деган сўзни ишлатишади. Тегажоғлик қиладиган одамларга нисбатан жамоатчилик танбеҳи йўқлиги сабабли қизлар муаммони ўзларидан излашади: «Бу нега айнан мен билан содир бўлди? Мен қандайдир бошқача бўлсам керак».
Натижада, қизларда ўзларига паст баҳо бериш ва одамовилик юзага келади. Кўпинча тегажоғликка учраганлар эркаклардан қўрқишади ва улар билан соғлом муносабат қура олишмайди.
Транспортдаги тегажоғлик мутахассислар томонидан жинсий зўравонлик сифатида талқин қилинади. Улар ўз ичига кенг диапазонни олади: тикилиб қараш ва жинсий мавзудаги сўзлардан бошлаб, жинсий зоналарга тегинишгача. Бунга яланғочлик ва ўз жинсий зонасини демонстрация қилишни ҳам киритиш мумкин. Шу сабабли буларнинг барчаси инсон психикасига турлича таъсир қилиши мумкин. Шунингдек, бу жабрланувчи ёши ва унинг феъл-атворига ҳам боғлиқ.
Тегажоғлик жабрланувчиларида буллингдан кейинги ҳолат каби комплекслар ривожланиши мумкин.
«Шуни унутмаслик керакки, транспортдаги тегажоғлик – бу жабрланувчи психикасида чуқур из қолдириши мумкин бўлган жинсий зўравонлик кабидир. Кейинчалик жабрланувчида эркаклар билан мулоқот қилишда муаммолар бўлиши мумкин. Жабрланувчилар психологларга мурожаат қилишса ва психотерапия ёрдамида ўз аҳволларини енгиллаштирса яхши, лекин, қизлар бу ҳақида кимгадир айтиб беришдан кўпинча уялишади ва содир бўлган ҳодиса ҳақида сукут сақлаган ҳолда яшашади», – дейди психолог Гулшона Каттахўжаева.
Бундай ҳодисалар нега содир бўлади?
Психологнинг айтиб беришича, тегажоғлик сабаблари турли бўлади. Бу ўсмирлик тийиқсизлиги билан тарбиясизлиги бўлиши мумкин. Ëши катта эркакларда эса девиациянинг (ахлоқий бузилиш) бирон турлари ёки кимгадир унинг розилигисиз эгалик қилиш истаги бўлиши мумкин. Қоида бўйича, бундай одамлар ўзлари ҳам қачонлардир зўравонликка дуч келишган бўлади (жинсий бўлиши шарт эмас).
Аёллар ўзини ҳимоя қила олишлари учун:
– жамиятда муаммога бўлган муносабатни ўзгартириш керак, агар қизларга шилқимлик қилишса, бу уларнинг айби эмаслиги ҳақида аниқ тушунча бўлиши лозим. Икки томонлама розиликсиз амалга оширилган ҳаракатлар жинсий зўравонлик, деб ҳисобланади;
– одамнинг кўзига қараб, ҳаракатларини тўхтатишини ва бу унга ёқмаётганини очиқ айтиш лозим.
«Ҳар қандай зўравонлик – бу ҳокимликдир. Тегажоғлик ва зўравонлик қилаётган шахс ўзининг жазоланмаслигига ишончи комил ва ўзига қанчалик қодир эканлигини исботлаш учун бундай ишларни қайта ва қайта қилаверади. Тегажоғлик жабрланувчилари одамларнинг гап-сўзларидан қўрқиб, сукут сақлашади ва бу зўравонларга қўл келади», – дейди Милана.
Ўзни қандай хавфсизлантириш керак
Аниқ қоидалар йўқ. Зўравонни «қўзғатадиган» кийим ёки ахлоқ йўқ. Исталган киши зўравон объектига айланиши мумкин.
Одам унинг ҳаракатларини сезиб қолишганларидан кейин ҳам тегажоғлик қилаётган бўлса нима қилиш керак?
Ҳодисани камерага олишни бошлаш мумкин. Бош қоида – ўз хавфсизлигингиз нуқтаи назаридан ҳаракат қилинг. Агар бу зўравоннинг фақатгина жаҳлини чиқаришини сезаётган бўлсангиз, бунинг учун қулай лаҳзани кутган маъқул.
Транспортдан тушиб кетгандан кейин зўравон кузатишни бошласа нима қилиш керак?
Исталган жойга бориш мумкин. Асосийси – ёпиқ жойларга ёки подъездларга беркиниб олмаслик, бундай жойларда зўравон бошлаган ишини тугатиши учун имкониятлар кўпроқ бўлади.
Тегажоғлик таксида содир бўлса нима қилиш керак?
Агар бу «Яндекс» ёки MyTaxi бўлса, машинадан тушмасдан қўллаб-қувватлаш хизматига ёзинг. Ëдда тутинг, сизда афзаллик бор – ҳайдовчи эътибори йўлда бўлади ва сиз қочиб кетишингиз мумкин. Лекин, доимо хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳаракат қилинг.
❗️Мақоладаги расмлар иллюстратив характерга эга ва ҳикоялар қаҳрамонларига алоқадор эмас.
3065views0replies
0

Изоҳлар