Электр энергиясидан қарздорликларни йўқ қилиб беришни ваъда қилган шахслар ушланди. Бу ҳақда Прокуратура департаменти Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Тошкент вилояти Пискент туман электр таъминоти корхонаси бошлиғи У.Х. тадбиркор Б.га тегишли кичик ишлаб чиқариш корхонасининг 106 млн сўм электр энергиясидан қарздорлигини йўқ қилиб бериш эвазига корхона қоровули О. орқали 6 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунингдек, Самарқанд вилояти Ургут туман электр таъминоти корхонасида бўлим раҳбари вазифасида ишловчи С.Т. ва бошқалар “К.Б.” фермер хўжалиги раҳбари А.Н. ва “А.Й.” МЧЖ раҳбари У.Х.нинг электр энергиясидан қарздорлигини сўндириш учун 35 млн сўм ва 300 АҚШ долларини қўлга киритишиб, ўзларининг шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборганликлари аниқланган.
Бундан ташқари, Жиззах вилояти Ш.Рашидов туман электр таъминоти корхонаси ҳуқуқшуноси Н.Д. фуқаро Р.нинг хонадонида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлиги ҳолати бўйича ҳисобланган 6,2 млн сўм қарздорликни йўқ қилиб бериш эвазига 1,9 млн сўмни фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.