Аввалроқ ижтимоий тармоқда Бухоро шаҳридаги мактабларнинг бирида синфхона шифти қулаб тушгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолатга мактаб маъмурияти изоҳ берди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 18 сентябрь куни тунда 2-умумий ўрта таълим мактабининг бинонинг биринчи қаватидаги синфхоналарнинг бирида шифтига ўрнатилган пластик қоплама қулаб тушган.
Воқеа содир бўлган вақтда мактабда ўқувчилар бўлмаган. Ўқувчилар айни вақтда хавфсиз бинода ўқишларини давом эттирмоқда.
Қайд этилишича, мактабнинг эски биноси 1937 йилда пишган ғиштдан қурилган бўлиб, таъмир талаб аҳволга келиб қолган. Кейинчалик бинонинг ёғоч тахтадан иборат эскирган шифт қисмлари пластик билан қопланган.
Мактаб директорига кўра, вилоятнинг қурилиш соҳасидаги мутахассислари томонидан бинода ўрганиш ва экспертиза ишлари олиб борилмоқда.