“Дори-Дармон” АЖни устав капиталидаги давлат улушининг (51 фоиз) хусусийлаштириш жараёни бошланганди. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги маълум қилди.
Компания устав фонди 86,3 млрд сўм. 2021 йил якуни бўйича соф тушум 402 млрд сўм, соф фойда 32,7 млрд сўмни ташкил қилади.
“Дори-Дармон” АЖ — улгуржи ва чакана фармацевтика корхонаси бўлиб, 90 йил давомида республика аҳолиси ва тиббиёт муассасаларини кенг ассортиментдаги юқори сифатли маҳсулотлар билан таъминлаб, Ўзбекистон бозорида етакчи ўринни ишончли тарзда сақлаб келмоқда.
Жамият таркибига 8 та акциядорлик жамияти, 12 та масъулияти чекланган жамият, 17 та омборхона ва 15 та назорат-таҳлил лабораторияси киради.
Республика ҳудудида 2 280 дан ортиқ давлат дорихоналари фаолият юритади. “Дори-Дармон” АЖ 130 дан ортиқ етакчи хорижий компаниялар билан ҳамкорлик қилади.
Талабгор (консорциум ҳолатида, консорциум аъзоларидан ҳеч бири) ва унинг тегишли шахсларидан ҳеч бири Европа Иттифоқи ва АҚШнинг, шунингдек йирик халқаро молия институтларининг (Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки) санкциялари рўйхатига киритилмаган бўлиши лозим.
Талабгорлар қизиқиш билдириши тўғрисидаги аризалар 2022 йил 20 октябрь соат 18:00га (Тошкент вақти билан) қадар қабул қилинади.