Бугун, 16 сентябрь куни Самарқандда ШҲТ саммитида Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади. Президент ШҲТ таркиби кенгайиб, шериклик муносабатлар ривожланиб бораётганини таъкидлади.
Эрон Ислом Республикасининг Ташкилотга тўлақонли аъзо сифатидаги мажбуриятлари тўғрисидаги Меморандум имзоланди. Миср Араб Республикаси ва Қатар Давлатига мулоқот бўйича шериклар мақоми берилди.
Беларусь Республикасига ШҲТнинг тўлақонли аъзоси, Баҳрайн Подшоҳлиги, Кувайт Давлати, Мальдив Республикаси, Бирлашган Араб Амирликлари ва Мьянма Иттифоқи Республикасига – мулоқот бўйича шериклар мақомини бериш жараёнлари бошланади.
“ШҲТнинг географик қамрови кенгаяётгани ўз мисолида самарадорлик, ўзаро бир-бирини тушуниш ва амалий саъй-ҳаракатларни намойиш этаётган Ташкилотимиз фаолиятининг долзарблигини яна бир тасдиқламоқда”, - деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари Ўзбекистон ташкилотнинг блокларга қўшилмаслик мақомини ва унинг очиқлигини сақлаб қолиш муҳим эканини қайд этди.
“Биз хавфсизликнинг яхлитлик тамойилига қатъий риоя қиламиз. ШҲТнинг фаолияти кенг ҳамкорликка йўналтирилган бўлиши лозим. Марказий Осиё ШҲТнинг "географик ядроси" мақомини сақлаб қолиши кераклигига ҳам ишончимиз комил”, - деди у.