Излаш
RUUZ

Сиёсат

Ўзбекистон ва Хитой раҳбарлари ўртасида $15 миллиардлик келишув имзоланди

Си Цзиньпин Шавкат Мирзиёевни жавоб ташрифи билан Хитойга боришга таклиф қилди.

96views0replies
0

president.uz

Бугун, 15 сентябрь куни Самарқанддаги “Буюк ипак йўли” халқаро туризм марказининг Конгресс марказида Президент Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг музокаралари бўлиб ўтди.
Давлат раҳбарлари Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини ривожлантиришнинг муҳим йўналишларини атрофлича кўриб чиқдилар.
Олий даражадаги мунтазам мулоқотлар туфайли икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик кенгайиб бораётгани таъкидланди.
Хусусан, ўтган йилда товар айирбошлаш рекорд кўрсаткич – 8 миллиард долларга етди, жорий йил бошидан эса 30 фоиздан ортиқ ўсди.
Сўнгги беш йилда Ўзбекистон иқтисодиётига жалб қилинган инвестициялар ҳажми 10 миллиард доллардан ошди. Кенг кўламли иқтисодий ҳамкорлик бўйича беш йиллик дастур, иқтисодиётнинг муҳим тармоқлари ва ижтимоий соҳада қўшма лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Жорий йил якунига қадар Ўзбекистонда икки мамлакат ҳудудларининг биринчи форумини ўтказиш таклиф этилди.
"Минтақамиз тараққиёти ва транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқлиги учун стратегик аҳамиятга эга “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилишини бошлаш тўғрисида тарихий келишувга эришилгани катта мамнуният билан қайд этилди", — дейилади хабарда.
Келгуси йилда ўзаро дўстлик ва англашувни янада мустаҳкамлашга хизмат қиладиган Ўзбекистон ва Хитой халқлари маданияти ва санъати йилини ўтказишга келишиб олинди.
Афғонистонда тинчлик жараёнига ва иқтисодий тикланишга кўмаклашиш борасидаги саъй-ҳаракатларни, халқаро ва минтақавий тузилмалар, жумладан, “Марказий Осиё – Хитой” механизми доирасида тизимли ҳамкорликни давом эттириш муҳим экани таъкидланди.
Тадбир якунида умумий қиймати 15 миллиард долларлик устувор лойиҳаларни амалга ошириш бўйича савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молиявий-техник ҳамкорликка доир келишувлар имзоланди.
Музокаралар якунида Си Цзиньпин Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни жавоб ташрифи билан Хитойга боришга таклиф этди.
96views0replies
0

Изоҳлар