Ўзбекистондаги мактаблар атрофида шакарли, газланган ва энергетик ичимликлар, шунингдек, тез тайёрланган таомлар савдоси тақиқланиши кутилмоқда. Бу ҳақда "2022—2026 йилларда Ўзбекистонда ўсмирлар саломатлиги ва фаровонлигини мустаҳкамлаш бўйича Миллий Ҳаракатлар Стратегияси ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари дастурини тасдиқлаш тўғрисида" Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасида қайд этилган.
Мазкур Миллий Ҳаракатлар Стратегиясини амалга ошириш чора-тадбирлар дастури барча ўсмирларнинг саломатлик ва фаровонлик борасида ўзларининг қонунда белгиланган ажралмас ҳуқуқларидан ҳеч қандай тўсиқларсиз баҳраманд бўлиши мақсадида ишлаб чиқилган.
Овқатланиш ва жисмоний фаолият, спиртли ичимликларни истеъмол қилиш ва хавфли хатти-ҳаракатлар каби йўналишлар балоғат ёшидагиларнинг саломатлигига жуда жиддий таъсир қилади. Ўзбекистондаги ўсмирларнинг саломатлик ҳолатига оид сўнгги маълумотларга кўра, уларда барча сабаблардан ўлим даражаси 100 000 кишига 47,2 ни ташкил этади.
Жумладан, 2017 йилда ўтказилган Овқатланиш бўйича тадқиқотларга кўра, 5—19 ёшдаги болалар ва ўсмирлар орасида ортиқча вазннинг пайдо бўлиши ўғил болалар ўртасида 8,4 фоиздан 16,3 фоизга, қизлар ўртасида 11 фоиздан 17 фоизга, семизлик эса ўғил болаларда 2 фоиздан 5 фоизгача ва қизларда 1 фоиздан 3 фоизгача ўсди. Қизлар ўртасида нотўғри овқатланиш ва микроэлементларнинг етишмаслиги эса, келажакдаги ҳомиладорликнинг оғир асоратларига сабаб бўлади.