Излаш
RUUZ

Жамият

"Қорақалпоғистонда содир бўлган ҳолатдан хулоса чиқаришимиз керак" — Сенат раиси

Ҳар қандай кичик деб қаралган масала бир куни катта муаммога айланади.

251views3replies
0

UzNews.uz

Бугун, 8 июль куни, Сенатнинг мажлислар залида Олий Мажлиси Сенатининг йигирма саккизинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.
Унда Сенат раиси Танзила Нарбаева Қорақалпоғистонда содир бўлган ҳолатларга муносабат билдирди.
"Айни кунларда юртимизда Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш билан боғлиқ муҳим сиёсий жараёнлар давом этмоқда ва қизғин кечмоқда.
Афсуски мазкур жараёнлар баҳонасида яқинда Қорақалпоғистонда айрим ноҳуш ходисалар содир бўлганидан ҳам барчангизнинг хабарингиз бор.
Айрим кучларнинг қанчалик харакат қилишига қарамасдан бўлиб ўтган бу ҳодисалар ҳеч қачон халқимизнинг бирдамлигига раҳна сола олмаслигига гувоҳи бўлдик.
Шу билан бирга содир бўлган бу ҳолатда барчамиз ўзимизга тўғри хулоса чиқаришимиз ва ўз ишимизни қайта кўриб чиқишимиз лозим бўлади. Куни кеча Президентимиз ҳузурида бўлиб ўтган йиғилишда Давлатимиз раҳбари ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратди", — деди Танзила Нарбаева.
Аввало бу воқеалар барча масалалар халқ билан ҳамнафас тарзда ва ўз вақтида ечилишига барча давлат органлари ва идораларининг кучи ва ресурсларини жалб қилиш зарурлигини кўрсатмоқда.
Шунингдек, аҳоли томонидан кўтарилаётган муаммо ва масаланинг катта ва кичиги бўлмаслиги, уларнинг ҳар бирини ечими муҳимлиги ва ҳар қандай кичик деб қаралган масала ўз ечимини топмаган тақдирда, албатта бир куни катта муаммога айланиши Сенат раиси томонидан таъкидланди.
"Халқ вакиллари сифатида бундай ҳолатга йўл қўйилмаслиги учун биринчи навбатда биз масъулмиз! Мухтасар қилиб айтганда, ўз ишимизни танқидий қайта кўриб чиқишимиз лозим бўлади.
Қорақалпоғистондаги воқеаларда қурбон бўлган ҳамюртларимизнинг оила аъзолари ва яқинларига ўзим ҳамда сенаторларимиз номидан ҳамдардлик билдираман ва сабр тилайман, шифохоналарда даволанаётган фуқароларимизга эса тезроқ соғайиб кетишларини тилаймиз", — дея қўшимча қилди Танзила Нарбаева.
251views3replies
0

Изоҳлар