Жорий йил 5 июль куни Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Уни Сенат Раиси Танзила Нарбаева олиб борди.
Мажлисда Олий Мажлис Сенатининг йигирма саккизинчи ялпи мажлисини 2022 йил 8 июль куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Қайд этилганидек, видеоконференцалоқа шаклида бўлиб ўтадиган ялпи мажлис доирасида бир қатор масалалар кўриб чиқилиши назарда тутилган.
Унга кўра, "Солиқ маслаҳатига оид фаолият тўғрисида"ги, “Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласидандир.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг Давлат бюджетининг 2021 йил якунлари бўйича ижроси ҳамда Давлат бюджетининг 2022 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботларини эшитиш режалаштирилган.
"Сенаторлар дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олишнинг атроф муҳит, сув ва йўл хўжалиги объектларига салбий таъсири юзасидан ҳамда иқтисодиётнинг ишлаб чиқариш соҳасида маҳаллийлаштириш дастурларининг ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўровларини юбориш масалалари муҳокама қилинади", — дейилади хабарда.
Ялпи мажлисда экспорт ҳажмининг барқарор ўсишини таъминлаш ва унинг номенклатурасини диверсификациялаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, мамлакатда газ баллонлари билан жиҳозланган автотранспорт воситаларининг хавфсизлигини таъминлаш ҳолати, шунингдек, ҳомиладор ва репродуктив ёшдаги аёллар ҳамда гўдакларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўровлари натижалари кўриб чиқилади.
Ялпи мажлис доирасида Олий Мажлис Сенати Кенгашининг қарорларини ҳам тасдиқлаш назарда тутилган.