Излаш
RUUZ

Уй сотилган ... истиқомат қилувчилари билан бирга...

UzNews.uz таҳририятига Оҳангарон шаҳри аҳолиси ёрдам сўраб мурожаат қилди. Ўнлаб кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бўлган фуқаролар, нафақахўрлар яшаб турган хонадонларидан чиқариб юборилган. Оҳангарон шаҳар ҳокимлиги томонидан улар яшаб турган турар-жой биноси “ORXIDEYA LYUKS” хусусий компаниясига сотиб юборилган. Мухбиримиз жабрланган фуқаролар билан учрашиб, суҳбатлашди.

2821views1replies
0

UzNews.uz

Иккинчи мавзеда жойлашган 22-сонли уйда ўнлаб кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бўлган фуқаролар, нафақахўрлар истиқомат қилган.
Ва айнан ушбу турар жой биноси 2017 йилда Оҳангарон тумани ҳокимлиги томонидан тендерда ғолиб чиққан “ORXIDEYA LYUKS” хусусий компаниясига – бошланғич ноль нархи билан сотиб юборилган. Шундан сўнг мазкур бино истиқомат қилувчилари билан бирга 200 миллион сўм сармоя қўшган ҳолда капитал таъмирлаш шарти билан янги эгасига топширилган.
Бу уй бир пайтлар маҳаллий “Сантехлит” заводи ишчилари учун ётоқхона вазифасини ўтаган. Йиллар мобайнида фойдаланиб келинган турар-жой аллақачонлардан буён авария ҳолатига келиб қолган.
Кўп қаватли уйнинг иккита подъездидаги 32 та хонадонда яшаб келаётган оилаларга қурилиш ишлари тугагунига қадар барча ноқулайликларга вақтинча дош беришлари керак эканлигига, сўнгра янги таъмирдан чиқарилган ўз уйларига қайта олишлари мумкинлигига ишонтириб, учинчи подъезддаги 16 та хонадонга кўчиб ўтишга кўндиришади. Бироқ, қурилиш ишлари бир ярим йилга чўзилиб кетади ва натижада фуқаролар ўзларининг хонадонларига қайта кўчиб ўта олмайди. Ваъда қилинган янги таъмирдан чиқарилган уйларнинг калитлари эса тегишли рўйхатда навбатда турган имконияти чекланган фуқароларга топширилган. Алал оқибат ҳар икки томон, аввалдан яшаб келган оилалар ҳам, янги кўчиб келган фуқаролар ҳам алданганлиги аниқ бўлади. Мазкур ҳолатда эса уларнинг ҳеч бири юзага келган вазият учун айбдор эмас.
Ахийри “ORXIDEYA LYUKS” компанияси вазиятдан “чиқиш йўли”ни топди: компания хонадонларнинг қонуний эгаларини судга бериб, уларни чиқариб юборишни талаб қилди. Қаерга? Ҳа, жавоби оддий, кўчага... Сабаби уларга бошқа турар-жой таклиф қилинмаган эди. Даъво аризасида кўрсатилишича, ушбу фуқаролар “бўш хонадонларнинг эшикларини ўзбошимчалик билан очиб кириб, ноқонуний равишда жойлашиб олишган”. Мазкур фикр эса аҳоли томонидан очиқдан-очиқ ёлғон эканлиги айтилмоқда.
Масалан, жабрланувчилардан бири Елена Поварницынанинг ҳикояси:
– Кўп йиллар давомида бизнинг ўз уйимиз йўқ эди, эрим билан қариндошларимизнинг уйида сарсон бўлдик. Шу вақт оралиғида уй-жой олиш учун навбатда турган эдик ва 2000 йилда Оҳангарон туман ҳокимлиги томонидан бизга шу уйнинг 22-хонадони ажратилди. 2017 йилда таъмирлаш ишлари туфайли бизни учинчи подъезддан иккинчисига кўчиришди. 2018 йилда эса, худди шу сабабларга кўра, яшаб турган хонадонимиздан биринчи подъезддаги уйга мажбурий равишда кўчириб ўтказишди. 19 июль куни соат 5:00 да бизни маҳаллий ҳокимлик вакиллари уйғотиб, уйдан ҳайдаб чиқара бошлади. Чироқни ҳам ўчириб қўйишди, ҳаттоки чойимизни ичиб олишга улгурмадик. Нарсаларимизни тўғри кўчага чиқариб ташлашди.
Eлена Анатольевнанинг ҳозир яшаб турган икки хонали уйида олти киши яшайди: ўзи, турмуш ўртоғи, икки қизи, ўғли ва тўққиз ёшли набираси. Оиланинг доимий даромади йўқ. Eлена Анатольевна маълум бир вақт чойхонада идиш ювувчи бўлиб ишлаган, аммо 2017 йилда уй-жой билан боғлиқ муаммолар туфайли у микроинсультга чалинган. Шунда ҳам касаллигига қарамай, у ишлашни давом эттирган. Ишидан эса карантин вақтида айрилади. Қизи официант бўлиб ишлайди.
Ўша уйнинг яна бир фуқароси Тамара Нуридинова шундай дейди:
– Уч нафар вояга етмаган фарзандларим бор, уларни ёлғиз тарбиялайман. Бу уйни биз билан бирга яшайдиган онам олган. Онам “Сантехлит” заводининг собиқ ходими. 2005 йилда завод ўз фаолиятини тугатгандан сўнг, уй ҳокимият номига ўтказилди. Бир муддат бизга ҳеч ким индамади. 2017 йилдан бошлаб эса муаммолар бошланди. Бу ерда таъмирлаш ишлари олиб борилгунга қадар бизни бирор жойда яшаб туришга ундашган эди. Аммо энди биз уларга бошқа ишонмаймиз. Бу сафар ҳам барчаси аввалги ҳолат каби бўлади ва биз яна кўчада қоламиз.
Шундан сўнг кўп тафсилотлар ошкор бўлди. Ўтган вақт мобайнида шаҳар ҳокимлиги иккита подъезддаги таъмирдан чиққан хонадонларни сотиб олган. Учинчи таъмирланмаган подъезд ҳудуди эса “ORXIDEYA LYUKS” компанияси тасарруфида қолади. Улар эса турли йўллар билан яшаб турган одамларни бу ердан ҳайдашга уринишмоқда: ҳаттоки “ОМОН” билан таҳдид қилишмоқда. Фуқаролар бу сафар, аниқ сабабларга кўра, қайсарлик қилиб ҳеч қаерга чиқмасликни айтишади. Шунда компания туман судига даъво аризаси билан мурожаат қилади. Шу муносабат билан саросимага тушган аҳоли таҳририятга мурожаат қилишга қарор қилган.
Режалаштирилган иккита суд мажлислари фуқароларнинг келмаганлиги сабабли бўлиб ўтмади: уларга суд жараёнларининг вақти ҳақида шунчаки хабар берилмаган! Мен учрашган одамлардан ҳеч бири чақирув қоғози олмаган. Мен Оҳангаронга келган кунимда, вазият шунга тўғри келиб, учинчи суд мажлиси бўлиб ўтиши керак эди. Бу ҳақида фуқароларга аллақачон хабар берилган бўлиб, аҳоли бу ерга кўплаб саволлар билан ташриф буюрган эди. Саволлардан бири эса қуйидагича: нима учун уларнинг иши турли судьялар томонидан кўриб чиқилмоқда ва чақирилганларнинг барчаси судга киритилмасада, беш яшар бола учун ҳам чақирув қоғози келади. Ҳокимлик манфаатларини ҳимоя қилувчи адвокат Баҳодир Хамраев ҳам суд жараёнига келмади. Жабрланган фуқароларнинг манфаатларини эса адвокат ёллашга маблағи йўлиги сабаби билан ҳеч ким ҳимоя қилмаяпти. Аммо бу каби ҳолатларда бепул адвокатлар тайинланмасмиди? 
  “ORXIDEYA LYUKS” компанияси директори Шерзод Эшниёзов судга ўз вакили Ўктам Эшниёзовни юборибди. Мен у билан гаплашишга муваффақ бўлдим. Шунда ҳам ундан янги ҳеч нарса эшитмадим: сотилмаган подъезд компаниянинг тасарруфида. Суд эшиттириши навбатдаги йиғилишга қолдирилди. Фақат бу охиргисимикин? Мазкур ҳолат кимнингдир ишни атайлаб кечиктираётгани ҳақида таассурот қолдирмоқда.
Видеорепортаж рус тилида
Мен Охангарон ҳокими Акром Эшонқуловдан вазиятга изоҳ беришини сўрадим. У ҳоким сифатида 2020 йил июнь ойида иш бошлаган бўлиб, асосий воқеалар ундан олдин содир бўлган. Унинг сўзларидан, юқорида номи қайд этилган компанияга қарши шикоятлари бордек туюлди. Шунда ҳам ҳокимият тушуниб бўлмайдиган иш тутди: асосийси: “Мен мазкур ишга уйнинг аҳолиси ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган адвокат жалб қилдим... “ORXIDEYA LYUKS” компанияси бинони ташландиқ деб қабул қилган, аслида эса у ерда одамлар яшаган. Компания ўз навбатида тегишли ҳужжатларни тақдим этди [уй ташландиқ эканлиги тўғрисида]. Шу сабабли, менда жуда ҳам кўп саволлар бор... Фуқароларимни ташлаб қўймаслик учун адвокатга зарар кўрган оилаларнинг манфаатларини ҳимоя қилишни юкладим”. Бироқ, адвокат, айтганимиздек, йиғилишда иштирок этмади. Аҳоли эса навбатдаги суд мажлисини кутмоқда ... Биз ҳам кутиб қоламиз.
2821views1replies
0

Изоҳлар