Бугун, 1 июнь куни соат 18:57 да Олмазор тумани Кичик ҳалқа автомобиль йўлида жойлашган подстанция ҳудудида трансформатор ёнаётгани ҳақида пойтахт Фавқулодда вазиятлар бошқармасига хабар келиб тушган.
Ўт ўчирувчилар воқеа жойига соат 19:01 да етиб борган. Ёнғин соат 19:12 да қуршаб олинган ва соат 19:17 да тўлиқ ўчирилган. Вазирлик маълумотларига кўра, ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган.
"Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ 110 кВ кучланишли "Выставочная" подстанциясида носозлик юзага келганини маълум қилди. Натижада ушбу энергия объектининг 6 кВли чиқувчи қурилмаларига уланган тармоқлар кучланишсиз қолган.
Авария оқибатида Олмазор ва Шайхонтоҳур туманларидаги айрим истеъмолчиларда электр таъминотида узилишлар кузатилди.
Ҳозирда мутахассислар носозлик сабабларини аниқлаб, уларни бартараф этиш ишларини олиб бормоқда.
Изоҳ