Ижтимоий тармоқларда Сергели автомобиль бозори бузилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Туман ҳокимлиги ушбу маълумотга изоҳ берди.
Маълум қилинишича, автомобиль бозори ҳудудида сотувчилар, харидорлар ва ташриф буюрувчилар учун қулайликларни оширишга қаратилган режали қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
"Амалга оширилаётган ишларнинг асосий мақсади бозор инфратузилмасини янгилаш, янада хавфсиз, замонавий ва тартибли савдо муҳитини яратиш, шунингдек, фуқароларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини оширишдан иборат. Сергели автомобиль бозори одатдагидек ишлашда давом этмоқда. Бозор бузилиши ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди," - дейилади хабарда.
Ишлар доирасида бозорнинг маъмурий биносига кириш гуруҳлари янгиланмоқда, гранит плиталари ётқизилмоқда. Бозор ҳудудида 26 минг 500 квадрат метр майдонга янги асфальт қопламаси ётқизилди. Бундан ташқари, яна 16 минг 200 квадрат метр майдонга асфальт ётқизиш режалаштирилган.
Шунингдек, автомобиль эҳтиёт қисмлари сотувчи савдо дўконларининг том қисмини янгилаш ишлари олиб борилмоқда. Дўконлар устидаги тартибсиз жойлаштирилган реклама конструкциялари демонтаж қилиниб, витриналар алмаштирилмоқда, ишлатилган эҳтиёт қисмлар сотиладиган контейнерлар замонавий ва тартибли кўринишга келтирилмоқда.
Бундан ташқари, ташриф буюрувчиларга қўшимча қулайлик яратиш мақсадида бозор ҳудудига кириш жойларида инсон иштирокисиз автоматлаштирилган тўлов тизими ўрнатилади.
Таъкидланишича, олиб борилаётган ишлар бозорни бузиш билан боғлиқ эмас. Ушбу чора-тадбирлар ҳудудни ривожлантириш, тадбиркорлар учун шароитларни яхшилаш ва пойтахт аҳолиси учун янада қулай муҳит яратишга қаратилган.
Изоҳ