Бугун Шавкат Мирзиёев маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришнинг устувор вазифаларига бағишланган маданият ва санъат ходимлари билан учрашув ўтказмоқда.
Учрашувда президент истеъдодли ёшлар ва уларнинг устозларини қўллаб-қувватлашга қаратилган янги чора-тадбирларни маълум қилди.
Хусусан, 1 сентябрдан бошлаб республика танловлари ғолибларига 100 млн сўм миқдорида мукофот пули берилади. Нуфузли халқаро танловлар совриндорларига эса 300 млн сўмгача мукофот тўланади. Шунингдек, бундай танловларда иштирок этиш билан боғлиқ барча харажатлар тўлиқ қоплаб берилади.
Истеъдодли ёшларни тайёрлаган устоз ва мураббийларга иш ҳақига 100 фоизгача устама тўланади. Мазкур имтиёз ва қўллаб-қувватлаш чоралари хусусий ижодий жамоаларга ҳам татбиқ этилади.
Бундан ташқари, ҳар йили 100 нафар ёш давлат ҳисобидан хориждаги маданият ва санъат муассасаларида таҳсил олиш имкониятига эга бўлади.
Мамлакатдаги ёш истеъдодларни аниқлаш ва рағбатлантириш, продюсерларни қўллаб-қувватлаш ҳамда мазкур йўналишдаги бизнес лойиҳалар сонини кўпайтириш мақсадида «Ижодга инвестиция» жамғармаси ташкил этилади. Жамғарма фаолияти учун ҳар йили 200 млрд сўм маблағ ажратилади.
Изоҳ