Медиа ва рақамли контент соҳасидаги йирик халқаро тадбир — World Content Market ўз ишини бошлади. Жорий йилда Ўзбекистон мазкур майдонда илк бор миллий павильон билан иштирок этмоқда.
Ушбу медиа бозори 2008 йилдан буён телевизион ва рақамли контентни яратиш, тарқатиш ҳамда халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилиб келмоқда. Ҳар йили тадбир турли мамлакатлардан медиа индустрия вакилларини бир жойга жамлаб, янги лойиҳалар ва шериклик алоқалари учун имконият яратади.
Жорий йилги форумда 20 га яқин давлатдан 1500 дан ортиқ мутахассис ва 500 дан зиёд компания иштирок этмоқда. Улар орасида Жанубий Корея, Туркия, Ҳиндистон, Россия, Хитой ҳамда Бирлашган Араб Амирликлари каби давлатлар бор.
Ўзбекистон миллий павильонида 10 дан ортиқ хусусий студиялар томонидан 500 дан зиёд бадиий фильм ва сериаллар халқаро бозор иштирокчиларига тақдим этилмоқда.
Павильон Kontent markazi томонидан ташкил этилган бўлиб, унинг доирасида миллий контентни хорижий телканаллар ва рақамли платформаларга олиб чиқиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.
Мутахассислар фикрича, Ўзбекистоннинг мазкур халқаро майдонда миллий павильон билан иштирок этиши мамлакатда контент индустриясини ривожлантириш ва унинг экспорт салоҳиятини ошириш йўлида муҳим қадам ҳисобланади.
Изоҳ