Учта ҳудудда ўтказилган тезкор тадбирлар давомида олтинни ноқонуний савдоси билан боғлиқ ҳолатлар аниқланди.
Жумладан, Бухоро вилоятида 21 ва 25 ёшли икки нафар фуқаро ноодатий шаклдаги, соф вазни 110 грамм бўлган олтин қуймасини 17 минг долларга сотиш вақтида ушланди.
Тергов жараёнида маълум бўлишича, гумонланувчилардан бири ушбу қимматбаҳо металлни қоришма ҳолатида тайёрлаган. Унинг уйидан олтин эритиш ускуналари, прекурсорлар, кислород ва газ баллонлари аниқланган.
Экспертиза хулосасига кўра, мусодара қилинган олтин қуймасининг қиймати 209 миллион 757 минг сўмни ташкил этган.
Яна бир ҳолат Тошкент халқаро аэропортида қайд этилди. Хориждан келган 46 ёшли чет эл фуқароси шахсий кўрикдан ўтказилганда, у оёқ кийими ичига яширилган, умумий вазни 226 грамм бўлган ва қиймати 290 миллион 516 минг сўмга тенг олтин тақинчоқларни божхона назоратидан яширинча олиб ўтгани маълум бўлди.
Шунингдек, яна бир ҳолат Андижон вилоятида аниқланди. 29 ёшли Андижонлик фуқаро «Дўстлик» халқаро чегара пункти орқали Қирғизистондан кириб келаётган вақтида тўхтатилган. Текширув давомида унда умумий вазни 241 грамм бўлган, тахминий қиймати 400 миллион сўмлик олтин тақинчоқлар борлиги ва улар декларация қилинмагани аниқланган.
Маълум бўлишича, ушбу буюмлар Туркиядан Қирғизистон орқали сотиш мақсадида олиб кирилган.
Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ