Эр-хотинни яраштириш муддатини олти ойдан бир йилгача узайтириш таклиф қилинмоқда. Бу ҳақда Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида эълон қилинган қонун лойиҳасида сўз боради.
Оила кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ташаббускори Оила ва хотин-қизлар қўмитаси бўлди.
Ҳужжатда айтилишича, амалдаги қонунчиликда оилавий муносабатларнинг муҳим жиҳатлари тўлиқ қамраб олинмаган. Хусусан, ФҲДЁ орқали ажралишда кўпинча оиладаги ҳақиқий аҳвол, низоларнинг келиб чиқиш сабаблари ва уларни ҳал қилиш имкониятлари ҳисобга олинмайди. Натижада никоҳнинг бекор қилиниши кўпинча расмий тус олади.
Бундан ташқари, суд томонидан эр-хотинга ярашиш учун берилган муддат етарли эмас деб ҳисобланади. Шу муносабат билан Оила кодексининг "Никоҳдан суд тартибида ажралиш" деб номланган 40-моддасига ўзгартириш киритиш ва "олти ойгача" деган жумлани "бир йилгача" деган жумла билан алмаштириш таклиф этилмоқда.
Шунингдек, комиссияни хабардор қилиш тартибини ўзгартириш таклиф қилинмоқда: "уч кундан кечиктирмай" ибораси ўрнига "электрон ҳукумат тизими орқали" иборасини қўллаш.
Тузатишлар болалар билан боғлиқ масалаларга ҳам тааллуқли. Хусусан, "Никоҳдан ажратиш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқаришда суд томонидан ҳал этиладиган масалалар" деб номланган 44-моддада никоҳдан ажратилгандан кейин вояга етмаган болалар ота-онасидан қайси бири билан яшаши, шунингдек, уларнинг турар жойи билан таъминланиши суд томонидан белгиланишини аниқлаштириш таклиф этилмоқда.
Бундан ташқари, моддани суд боланинг алоҳида яшаётган ота-онаси билан мулоқот қилиш тартибини белгилаши тўғрисидаги қоида билан тўлдириш режалаштирилмоқда.
"Болалар муассасаларига жойлаштирилган болалар учун алимент ундириш" деб номланган 107-моддага ундирилган алиментлар боланинг номига очилган банк ҳисобварағига ўтказилиши, маблағларнинг жамланишини назорат қилиш васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан амалга оширилиши ҳақидаги нормани киритиш таклиф этилмоқда.
Шунингдек, "Вояга етмаган ва меҳнатга лаёқатсиз вояга етган шахсларга таъминот бериш мажбурияти" деб номланган 122-моддани никоҳда бир йилдан кам бўлган оилаларнинг никоҳдан ажратиш тўғрисидаги аризаларига (оиладаги зўравонлик билан боғлиқ ҳолатлар бундан мустасно) оид норма билан тўлдириш таклиф этилмоқда.
Изоҳ