• 12 172 сўм
    -24.39
  • 14 118 сўм
    -23.41
  • 150 сўм
    -1.94
  • БҲМ
    412 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 271 000 сўм
Uz
  • 12 172 сўм
    -24.39
  • 14 118 сўм
    -23.41
  • 150 сўм
    -1.94
  • БҲМ
    412 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 271 000 сўм
Жамият Кеча, 18:43

Ўзбекистонда транспорт ва қурилиш соҳалари учун экологик талаблар кучайтирилади

«Тоза ҳаво» умуммиллий лойиҳаси доирасида 2030 йилгача ҳаво сифатини яхшилашга қаратилган қатор чора-тадбирлар амалга оширилади.

81
0
uznews.uz

Шавкат Мирзиёев мазкур лойиҳа доирасида режалаштирилган чоралар ҳақидаги маълумот билан танишди.

Қайд этилишича, ҳозирги кунда пойтахт, шунингдек Навоий, Фарғона, Чирчиқ ва Термиз шаҳарларида ҳаво ифлосланиши меъёрларининг ошиб кетиши саноатнинг ўсиши, углеводород ёқилғилардан кенг фойдаланиш, транспорт воситалари сонининг кўпайиши, табиий омиллар ва назоратнинг етарли эмаслиги билан изоҳланмоқда.

Шу муносабат билан 2030 йилгача бўлган асосий мақсадлар белгиланди: атмосферага чиқариладиган зарарли моддалар ҳажмини қисқартириш, саноат корхоналарида чиқиндиларни ушлаб қолиш улушини ошириш, транспортдан чиқадиган зарарли чиқиндиларни камайтириш ҳамда PM2,5 даражаси белгиланган меъёрдан ошиб кетадиган кунлар сонини қисқартириш.

Қабул қилинган тезкор чоралар натижасида Тошкент шаҳрида ҳаво сифати маълум даражада яхшиланди. Хусусан, жорий йилнинг январь–февраль ойларида PM2,5 концентрацияси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан сезиларли даражада пасайди. Энди ушбу йўналишда босқичма-босқич ҳудудий дастурлар қабул қилиниб, ҳар бир вилоятда таҳлил ва диагностика ишлари, ягона ҳаво мониторинги тизими ҳамда ифлосланиш манбаларини инвентаризация қилиш йўлга қўйилади.

Энергетика ва саноат соҳаларига алоҳида эътибор қаратилади. Шунингдек, қурилиш соҳасида ҳам экологик талаблар кучайтирилади. Янги йирик объектларни лойиҳалашда кўкаламзорлаштириш даражасини ошириш, қурилиш материалларини ёпиқ жойларда сақлаш, чиқиндиларни махсус қувурлар ва контейнерлар орқали чиқариш, майдонларни ҳимоя тўсиқлари билан ўраш ва онлайн кузатув камераларини ўрнатиш каби талаблар жорий этилади.

Бунда муқобил энергия манбаларидан фойдаланиб маҳсулот ишлаб чиқараётган корхоналар учун солиқ имтиёзлари ва молиявий рағбатлантириш чоралари назарда тутилган. Шунингдек, автоматик мониторинг станциялари, фильтрлар, чанг-газ тозалаш ҳамда энергия тежамкор ускуналарни кенг жорий этиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, «шамол йўлаклари»ни сақлаш, қурилиш жараёнида экологик экспертиза хулосаларини мажбурий ҳисобга олиш ҳамда шаҳарнинг экологик ва сув ресурсларини бошқариш бўйича мастер-режа ишлаб чиқиш таклиф этилган.

Шу билан бирга, мотор ёқилғиси стандартларини босқичма-босқич кучайтириш, автотранспорт воситаларини экологик тоифаларга ажратиб, «қизил», «сариқ» ва «яшил» стикерлар бериш, техник кўрикни экологик талаблар билан боғлаш, эски автопаркни янгилаш дастурларини амалга ошириш ва жамоат транспорти улушини ошириш назарда тутилмоқда.

Ушбу чора-тадбирлар, айниқса, йирик шаҳарлар марказларида транспорт ҳаракати билан боғлиқ ифлосланиш ҳажмини сезиларли даражада камайтиришга хизмат қилади.

81
0

Изоҳ