Президент Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан 9 май куни Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 80 йиллигига бағишланган тантанали тадбирларда иштирок этди. Қизил майдонда Ғалаба паради бўлиб ўтди.
Уруш бошланган пайтда республикамиз аҳолиси 6 млн нафардан зиёд эди. Уруш йилларида 2 млнга яқин ўзбекистонлик фронтга жўнатилди. 538 мингдан зиёд киши жанг майдонларида ҳалок бўлди, 158 мингдан ортиғи бедарак йўқолди. Ўша оғир йилларда Ўзбекистон халқи юксак инсонпарварлик намунасини кўрсатиб, фронтолди ҳудудларидан эвакуация қилинган 1,5 миллиондан ортиқ кишини, жумладан, 250 мингдан зиёд етим болаларни қабул қилди.
Ўзбек халқининг уруш йилларидаги жасорати халқаро ҳамжамиятда кенг эътироф этилмоқда. Тошкентда улуғвор "Ғалаба боғи" ёдгорлик мажмуаси барпо этилди.
Ғалаба паради якунида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ва бошқа давлат раҳбарлари билан биргаликда Александр боғидаги Номаълум аскар қабрига гул қўйди.
Ушбу ёдгорлик ғалаба йўлида мислсиз жасорат кўрсатган ва жон фидо қилган миллионлаб жангчилар, жумладан, Ўзбекистон фарзандлари хотирасига ўрнатилган.
Маросим бир дақиқалик сукут ҳамда фахрий қоровул ва ҳарбий оркестрнинг тантанали юриши билан якунланди.
Изоҳ