Излаш
RUUZ

Жамият

Депутатлар Ўзбекистонда мажбурий эмлашни киритишни таклиф қилишди

Биринчи навбатда таксичилар, жамоат транспорти ва банк ходимлари, официантлар мажбурий эмланиши шартлиги айтилди. Зарур бўлса, лотерея ташкил қилиш орқали рағбатлантириш масаласи ҳам билдирилди.

2083views0replies
0

ХТВ / Иллюстрация

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари – Дониёр Ғаниев, Қизилгул Қосимова ва Нодир Жумаев коронавирус бўйича вазиятни барқарорлаштириш учун республикада мажбурий эмлаш киритилиши тарафдори эканликларини айтди. Бу ҳақда “Тараққиёт формуласи” кўрсатувида маълум қилинди. 
“Маълум бир аҳоли қатламларини мажбурий тарзда эмлашимиз керак. Уларнинг эмланмаслиги оммавий тарзда кўпчиликнинг соғлиғига зарар етказади. Булар кимлар? Аҳолига тўғридан-тўғри хизмат кўрсатадиган соҳалар. Биринчи навбатда тиббиёт ходимлари, ўқитувчилардан ташқари хусусий сектор соҳалари қолиб кетяпти. Таксичилар, жамоат транспорти ходимлари, банк ходимлари, официантларни олишимиз мумкин. Булар кунига камида 20-30 фуқаро билан мулоқот қилишади. Айнан мана шу қатлам вакилларини керак бўлса мажбурлайлик”, - дейди Дониёр Ғаниев.
Депутат шунингдек, вирусни тарқатиш ҳолати кам бўлган фуқароларни рағбатлантиришни таклиф қилди. 
“Республика махсус комиссияси томонидан талабаларга имтиёз берилиши тўғри қадам бўлди. Одамларимиз ишонмаётган бўлса, ишонтирайлик. Нега бутун бошли ҳукумат, вазирлик маркетингни қилолмайди? Хусусий сектордан фойдаланайлик, керак бўлса лотерея тарзида қилайлик”, - қўшимча қилади у.
Депутат Қизилгул Қосимова Дониёр Ғаниевнинг фикрларига тўлиқ қўшилишини таъкидлаб, аҳоли ўртасида ахборот камлигини билдирди.
"Айнан мана шу ҳолат жуда керак бўляпти. Зиёлиларимизни ўзи тушуниб етмаяпти. Бу тарғибот ишлари охиригача олиб борилмагани натижаси, деб биламан”, - дейди Қизилгул Қосимова.
Қонунчилик палатаси депутати Нодир Жумаев ҳам мажбурий вакцина орқали вазиятни барқарорлаштириш мумкинлигини билдирди.
“Мажбурий эмлашни киритишимиз керак. Бундай қилмас эканмиз, қайсидир қисм вакцина олиб, бир қисми олмайдиган бўлса, бу нарса яна мутацияга учраб, давом этиши мумкин. Шунинг учун, мажбурий вакцина масаласини қаттиқ киритишимиз керак”, - таъкидлади Нодир Жумаев.  
Аввалроқ, Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Нурмат Отабеков эмлашни мажбурий қилиш тўғри фикр, деганди.
2083views0replies
0

Изоҳлар