Излаш
RUUZ

Жамият

Рашид Қодиров аёлларга лозим тикмоқда, Ихтиёр Абдуллаев эса чинни идишга нақш солмоқда — “Эзгулик” фаоли

Жиноятлари учун қамалган собиқ бош прокурор ва ДХХ раиси колонияда нималар билан бандлиги айтилди.

2633views0replies
0

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов Facebook’даги саҳифасида ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси тизимидаги 22-сонли колонияга ташрифи таассуротлари ҳақида ёзди.
У хусусан, ушбу колонияда жазо муддатини ўтаётган собиқ бош прокурорлар — Рашид Қодиров, Ихтиёр Абдуллаев билан гаплашган.
“Аввал мамлакатимизга уч муддат бош прокурорлик қилган Рашид Қодиров билан суҳбатлашдик. У кишидан шароитлар, маҳкумларга муомала ҳақида сўрадим. Ҳар ҳолда ҳушёр одам — яқин бир ойда манзил колонияга чиқишини, шикоятлари йўқлигини, БМТ структураларига қийноқлар бўйича шикоят қилмаганини, соғлиғи яхшилигини айтди. “Юрак бўйича аввалроқ сангородда даволангандик, ҳозир ҳаммаси яхши” деди Қодиров”, - ёзади у.
Маълум қилишича, Рашид Қодиров ҳозирда тикув цехида ишламоқда. 
“Унинг қўлидан чиққан гулдор матолардан тикилган бежирим аёллар кўйлаги, лозими ва бошқа ашёлар кўзни қувонтиради. Шерикларимиз расмларга олишди, ҳадемай бу расмлар чоп қилинса керак”, - деб ёзади “Эзгулик” фаоли. 
“Генерал Абдуллаевни чинни цехида идишга нақш солаётган жараёнда учратдим. Унгача муассасанинг тиббий бўлимига кириб, у кишининг тиббий картаси билан танишгандим”, - ёзади у.
“Таъкидлаш керакки, икки собиқ бош прокурор ҳам ўта эҳтиёткорлик билан муомалада бўлди. Тўғрироғи, комиссияларнинг нималиги, қаергача бора олишини ўтмишдаги фаолияти орқали яхши биладиган бу мулозимлар вазиятни мураккаблаштириб ўтиришмади. Ҳар ҳолда менга шундай туюлди.
Цехлардан чиқаётиб, собиқ МХХ полковниги Жавдат Шарифхўжаев билан кўришдим. У гапни қисқа қилиб, ҳеч қандай шикояти йўқлигини таъкидлаган ҳолда қочиб қолди”, - қўшимча қилади Абдураҳмон Ташанов. 
“Ғалатироқ таассуротлар билан қайтдим. Бир пайтлар улар билан суҳбатлашиш, сўроққа тутиш тугул олдига бора олмаганимиз бу одамлар бугун маҳзун, аввалги салобатдан асар ҳам йўқ”, - хулоса қилган Абдураҳмон Ташанов.
Эслатиб ўтамиз, 2000-2015 йилларда Ўзбекистон бош прокурори лавозимида ишлаган Рашид Қодиров 2019 йилда 10 йил озодликдан маҳрум қилинганди.  
Бош прокурор ва ДХХ раиси лавозимларида ишлаган Ихтиёр Абдуллаев эса 2019 йилда 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинганди.
2633views0replies
0

Изоҳлар