Излаш
RUUZ

Жамият

Сардоба сув омбори ўпирилиши сабабларига оид расмий хулоса эълон қилинди

Айни вақтда мазкур иш ортидан жиноий ишга жалб қилинган 17 нафар шахсга нисбатан айблов хулосаси Олий суд муҳокамасига ўтказилган. 

1495views0replies
0

Telegram

Бугун, 30 апрель куни Фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари, генерал-майор Абдулла Қўлдошев иштирокида бўлиб ўтган брифингда Сардоба сув омбори ўпирилиши сабаблари ҳақида расмий хулоса эълон қилинди.
Қайд этилишича, олиб борилган тадқиқот ва таҳлиллар натижаси тўғон ўпирилишига бир қатор омиллар сабаб бўлганлигини кўрсатган.
Жумладан, Сув хўжалиги вазирлиги томонидан буюртмачи хизматини ташкил этиш, лойиҳалаштириш ва қурилиш ишларини олиб боришда масъулиятсизликка йўл қўйилган. Шунингдек, иншоотни тўлақонли эксплуатация қилишда мазкур сув омборидан фойдаланиш қоидалари тасдиқланмаган, бу жараёнда белгиланган техник ва меъёрий талаблар қўпол равишда бузилган. 
Бундан ташқари, “UzGip” МЧЖ лойиҳа ташкилоти томонидан сув омборининг ишчи лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаш жараёнида тасдиқланган Техник-иқтисодий асосларда белгиланган ечимларга риоя қилинмасдан, унга ўзбошимчалик билан ўзгартиришлар киритилган. Ишчи лойиҳа ҳужжатларида тўғоннинг конструктив ва сейсмик мустаҳкамлиги инобатга олинмаган.
Қолаверса, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг пудрат ташкилоти ва ёрдамчи пудрат ташкилотлари томонидан тўғон танаси тупроғининг зичлиги, фильтр ва ҳимоя тош қатлами қалинлиги лойиҳавий кўрсаткичдан паст бўлишига йўл қўйилган.
Айни вақтда Сардоба сув омборини лойиҳалаштириш, қуриш ва тўғоннинг эксплуатацияси жараёнида хато ва камчиликларга йўл қўйилганлиги ҳолати бўйича буюртмачи, лойиҳачи, қурилиш ташкилотлари ҳамда эксплуатация хизматининг 17 нафар мансабдор ва мутасадди шахслари жиноий жавобгарликка тортилган. Уларга нисбатан айблов хулосаси Олий суд муҳокамасига ўтказилган. 
Ҳозирги кунда сув омборини қуриш учун ажратилган бюджет маблағларининг қонуний сарфланганлиги юзасидан жиноят иши доирасида тафтиш ва тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда. 
Маълум қилинишича, мазкур воқеага дахлдор барча мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатларига яқин кунларда суд томонидан ҳуқуқий баҳо берилади ва бу ҳақда жамоатчиликка қўшимча ахборот тақдим этилади.
1495views0replies
0

Изоҳлар