Излаш
RUUZ

Сиёсат

Туркманистонда “Тошкент” боғи қурилиши учун тендер эълон қилинди. Унга Ўзбекистон компаниялари ҳам таклиф қилинди

Бу таклиф Гурбангули Бердимуҳамедовнинг Ўзбекистон президентига йўллаган мактубида акс этган.

197views0replies
0

president.uz

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга жавоб мактуби йўллаб, унда ўзининг номига йўлланган, Туркманистон ва Ўзбекистон ўртасидаги анъанавий қардошлик алоқалари чуқур таҳлил қилиниб, мамлакатлар ҳамкорлигини мустаҳкамлаш учун кенг имкониятлар мавжудлиги қайд этилган мактуб учун миннатдорлик билдирди.  
Ўз навбатида, Гурбангули Бердимуҳамедов Туркманистон пойтахтида Алишер Навоийга эҳтиром сифатида қўйилган ҳайкални эслаб, айни вақтда Ашхобод марказида Ўзбекистон пойтахти шарафига замонавий "Тошкент" маданият ва истироҳат боғини лойиҳалаштириш ва қуриш учун тендер эълон қилинганини маълум қилиб ўтади.
“Шу муносабат билан Ўзбекистон компанияларини ушбу тендерда иштирок этишга таклиф қиламан”, деб ёзади у ўз мактубида.
Шунингдек, Туркманистон президенти “яна бир муҳим янгилик” ҳақида ёзади. 
Маълум қилишича, яқинда 2020 йилги энг намунали ижтимоий-иқтисодий ва маданий кўрсаткичлар бўйича Туркманистон туманлари ўртасида ўтказилган танлов ғолиби эълон қилинган. Ушбу танловда Тошҳовуз вилоятининг С.А.Ниёзов тумани ғолиб бўлиб, 1 миллион АҚШ доллари миқдорида мукофотга сазовор бўлган. 
“Ушбу туман аҳолисининг 99 фоизини ўзбеклар ташкил этишини таъкидлаш менга мамнуният бағишлайди”, дейди ўз мактубида Туркманистон президенти.
Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов мактуб сўнгида Шавкат Мирзиёевга соғлиқ, кўп қиррали давлатчилик фаолиятига катта муваффақиятлар, қардош Ўзбекистон халқига эса тинчлик, фаровонлик ва равнақ тилайди.
197views0replies
0

Изоҳлар